Америкада аёлларни тутқунликда сақлаган Ариэл Кастро ўзини осган

Image caption Кастро турмадаги бўлмасида осилган ҳолда топилган.

Ариэл Кастро умрбод қамоқ жазоси ва қўшимча 1000 йиллик турмага ҳукм қилинган эди.

Уч аёлни ўғирлаб, уларни қарийб 10 йил давомида уйда қамаб қўйганига иқрор бўлган Ариэл Кастро Оҳайо штатидаги Ориент қамоқхонасида ўз жонига қасд қилган.

Қамоқхона ходимларига кўра, Кастро турмадаги хонасида осилган ҳолда топилган.

53 ёшли Кастро у узоқ йиллар қамаб келган аёллардан бири қочишга муваффақ бўлганидан сўнг ҳибсга олинган эди.

У Мишел Найт, Аманда Берри ва Жина Дехесусларни Кливленддаги уйида сақлаб, зўрлаб келган.

Кастро қотилликда ҳам айбланиб, ҳомиладор аёлни очлик билан азоблаб, калтаклагани, натижада у ҳомиласидан айрилгани маҳкамада айтиб эшитилган.

Аёллардан бири Аманда Берри Кастро йўқлигидан фойдаланиб, эшикни бузган, қўшнилар унинг овозини эшитиб, полицияга хабар беришади.

Image caption Аёллар тутқунликда сақланиб, азобланган уй бузиб ташланди.

Етиб келган полиция икки аёл ва Беррининг олти ёшли қизини қутқаради.

Аёллар йўқолган пайтлари ўспирин қизлар бўлишган. Аманда 16 ёшда, Жина 14 яшар ва Мишел эса 19 ёшга кирган бўлганлар.

Қизларнинг оилалари уларнинг эсон-омон топилганидан хурсанд бўлишса, 10 йил давомида жигаргўшалари бошидан зтказган азобларни ўйлаб ларзага тушишган.

Аманда ва Жина ўспиринлик чоғи йўқолишганида бу воқеа матбуотда кенг ёритилади. Кейинчалик барча уларни ўлганга чиқаради.

Аммо 19 ёшида бедарак кетган Мишел борасида кўп ёзишмаган. Полиция эса уни уйидан қочиб кетган, деган хулосага келган.

Суриштирув-тергов ишларидан сўнг 1 августда Америка маҳкамаси Ариэл Кастрога умрбод қамоқ жазоси беришга қарор қилди.

Аёллар тутқунликда сақланиб, зўрланган уй эса бузиб ташланди.

Бу мавзуда батафсилроқ