Яҳудийларга ким твит қилган: Эрон президентими ва ёки?..

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Ҳасан Руҳоний аккаунтидан қилингани даъво қилинаётган твитлар кўпчиликни гангитиб қўйган.

Дейлик, чоршанба кунги твитлардан бирида яҳудийлар Янги йиллари билан қутланган.

Эронлик мулозимларга кўра эса, Эрон раҳбарининг Твиттер аккаунти йўқ.

Аммо Ҳасан Руҳоний аккаунтидаги ёзишмалар уларнинг бу каби баёнотларини бироз шубҳа остига қўяди.

Устига устак, бу - Эрон президентига яқин шахсларнинг иши эмасмикан, деган гумонларни ҳам кучайтирмоқда.

Бошқа томондан, мухбирларимизга кўра, президент Ҳасан Руҳонийнинг яҳудийларга Янги Йил табриги йўллаганига ҳам ғалати қаралмаслиги керак.

Чунки Эронда 24.000 дан 80.000 нафаргача яҳудий яшайди, дейишади улар.

Гап нимада?

Эроннинг ярим-расмий "Форс" ахборот агентлиги эронлик мулозим Муҳаммад Ризо Содиқнинг , "Жаноб Руҳонийнинг Твиттер аккаунти йўқ", деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Мулозимга кўра, сўнгги президентлик сайловлари олдидан олиб борган кампанияси чоғида Ҳасан Руҳоний тарафдорлари унинг исм-шарифини қўллаб, турли аккаунтлар очган ва улар ҳануз фаолиятда бўлиши мумкин.

Нима бўлишидан қатъиназар, бугун - пайшанба куни тонгда жаноб Руҳонийнинг аккаунтидан қилингани айтилган бошқа бир твитда ҳам яҳудийлар Янги йил билан қутланади.

Аммо бу аккаунт Эрон раҳбарининг исм-шарифи остида форс тилида очилган.

Эронда Твиттер ва "Фейсбук"ка ўхшаш бошқа ижтимоий мулоқот тармоқлари тўсиб қўйилган. Аммо уларга прокси сайтлари орқали кирса бўлади.

Мазкур ҳолат эса, жаноб Руҳонийга яқин шахслардан бири бу аккаунтлардан фойдаланаётган бўлса ҳам, шов-шувли твитлар Эрон раҳбариники эмаслигини расман даъво этишига бемалол изн беради.