Президент Путин: Сурия инқирозини кечки овқатда муҳокама қилиш керак

Жаҳондаги иқтисодиёти йирик 20 давлат раҳбарларининг Санкт-Петербургдаги саммити кун тартибига Сурия инқирози муҳокамаси киритилмаган, бироқ бу саммитга йўл олганларнинг барчаси бугунги куннинг энг муҳим масаласини батафсил муҳокама қилиш истагини билдирган.

Саммитни очар экан, Россия Президенти Владимир Путин олиймақом учрашув кун тартибида бўлмаса ҳам Сурия можаросини кечки таом пайти муҳокама қилишни таклиф этган.

Жаноб Путин сўзларига кўра, "ҳаммасини бир уюмга йиғмаслик учун" Санкт-Петербург саммити қатнашчилари Сурия инқирозига ҳарбий аралашув борасидаги келишмовчилик ҳақида кечқурун тановул пайти гаплашиб олганлари маъқул.

Саммитда қатнашаётган Британия Бош вазири Девид Кэмерон Сурия ҳукумати кимёвий қуролни ишга солгани ҳақидаги янги далилларни қўлга киритганликлари ҳақида айтган.

Санкт-Петербург саммити икки кунга мўлжалланган.

Олдинроқ БМТ маълум қилишича, БМТ ва Араб лигаси номидан Суриядаги вакил Лаҳдар Брахимий Санкт Петербург саммитида иштирок этади.

БМТ расмийларига кўра, жаноб Брахимий Суриядаги можарони ечиш учун халқаро тинчлик анжуманини ўтказишга эришишга умид қилмоқда.

Саммит олдидан иштирокчиларда Сурия инқирози юзасидан кучли келишмовчилик юзага чиққан.

Арафада АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси Суриядаги кимёвий қурол қўллангани даъво қилинган ҳужумга жавоб сифатида ҳарбий куч ишлатилишини маъқуллаган.

Чоршанба куни қўмитанинг 10 аъзоси Президент Обаманинг режасини қўллаб овоз берган, етти сенатор қарши ва бир киши овоз беришдан тийилган.

Эндиликда резолюция лойиҳаси бутун Сенатга тақдим этилади.

Овоз беришнинг келаси ҳафта бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Президент Обама Америка ва дунёда Сурияга қарши зарбалар учун имкон қадар кўпроқ дастак олишга ҳаракат қилмоқда.

Би-би-си мухбири Бриджит Кендалл айтишича, жаноб Обама ҳам, жаноб Путин ҳам ҳали иккиланиб турган йирик 20 лик раҳбарлари орасидан имкон қадар кўпини ўз тарафига оғдиришни истайди.

Санкт-Петербург йиғини арафасида Президент Владимир Путин кимёвий қуролни тинч фуқароларга Сурия ҳукумати қўллаганини исботлаш лозим ва ҳарбий амалиётни БМТ Хавфсизлик кенгаши маъқуллаши талаб қилинади.

Бусиз ҳарбий амалиёт босқин бўлади, деб айтган Россия раҳбари.

Хитой ҳам БМТ маъқуллашини талаб қилмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама эса Сурия борасида ўзининг эмас, балки жаҳон ҳамжамиятининг обрўйи гаровга қўйилганини таъкидлаган.

Россия ҳудудида саноати ривожланган йирик 20 мамлакат раҳбарлари илк бор учрашмоқдалар.

20 ликка Австралия, Аргентина, АҚШ, Бразилия, Британия, Жанубий Корея, Жанубий Африка Республикаси, Индонезия, Италия, Канада, Мексика, Олмония, Оврўпо Иттифоқи, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Франция, Хитой, Ҳиндистон ва Япония киради.

Йирик 20 ликка кирмаса ҳам Санкт-Петербург саммитида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этаяпти.

Бу саммитда дунёда иқтисодий ўсишни тезлаштириш ва ишсизликка қарши кураш чоралари муҳокамаси асосий масалалардан бўлиши хабар қилинган.