"Америка ва Британия хизматлари ахборотни ҳимоя қилиш тизимини бузган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ ва Британия жосуслик хизмати шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминловчи манбаларни бузиб кирган.

Бу янги хабарни америкалик собиқ жосус Эдвард Сноуден маълум қилмоқда.

Унга кўра, Америка ва Британия махфий хизматлари интернетда шахсий маълумотлар ичига бузиб кириш йўлларини ўзлаштиришиб, маълум шахсларга талуқли электрон хат, банк ва тиббий маълумотларни олишга муваффақ бўлишган.

Бунга боғлиқ хужжатлар New York Times ва Guardian газетларида босилган.

Америка Миллий хавфсизлик агентлиги ( NSA) ва Британия ҳукумат алоқалари маркази (GCHQ) ҳамкорликдаги махфий лойиҳа доирасида анча машҳур ва шахсий маълумотларни сақлаш учун жуда ишончли ҳисобланган тизимларга ҳам кира олганлар.

Ҳужжатда айтилишича, зарар кўрганлар орасида Yahoo ва Google каби қидирув манбалари бор.

Шунингдек, Америка Миллий хавфсизлик агентлиги бу махфий лойиҳа учун йилига 250 миллион доллар маблағ ажратгани келтирилади.

Жосуслик хизматлари катта эътиборни 4G технологиясида қўлланувчи яширин рақамларга қаратган.

АҚШ ва Британия ҳукуматлари Сноуден томонидан махфий маълумотлар узатилган бир неча нашрларга босим ўтказганлиги, уларни чиқармаслик ёки жосуслик хизматига қайтаришни талаб қилгани айтилганди. Айни пайтда Эдвард Сноуден янги махфий маълумотларни ошкор қилишда давом этмоқда.

АҚШ махфий хизматлари кўзланган режа билан "Булл-Ран" лойиҳаси доирасида ўта кучли компьютерларни ишга солганлар.

Фойдаланувчилар турли хизматларга эҳтиёж билан интернетга киришганда бу ўғирлаш содир этиб борилган.

Америкалик жосуслар номлари ошкор этилмаган технологик ширкатлар билан ҳамкорлик қилиб, шахсий маълумотларга кириш кодларига эга бўлганлар.

Айтилишича, АҚШ 2000 йилдан буён бу лойиҳага миллиардлаб доллар сарфлаган.

Миллий Хавфсизлик агентлиги бу ҳаракатни оқлар экан, лойиҳа Қўшма Штатлар хавфсизлигини кўзлаб амалга оширилганини таъкидлаган.

Бироқ кўпгина мутахассисларга кўра, бу каби жосуслик амаллари аксинча хавфсизликка таҳдид солиб, яширин рақамларни бузиб кириш йўллари ҳукуматда ишламайдиган одамлар қўлига тушиб қолиши мумкин.