G20: байрамона базм ҳам Сурия бўйича мавқеларни ўзгартирмади

Дунёнинг саноати ривожланган 20 давлати раҳбарларининг Санкт-Петербургда ўтаётган саммити кун тартибига Сурия можароси киритилмаган, бироқ барча раҳбарлар ушбу масалани муҳокама этиш истагини билдирган эди.

Саммитнинг биринчи кунида Россия Президенти Владимир Путин "ҳаммасини бир уюмга йиғмаслик" мақсадида Сурия инқирозини кечки тановул устида муҳокама этиш таклифи билан чиқди.

Муҳташам Петергоф саройидаги дабдабали зиёфат ортидан ҳамманинг ўз мавқеида қолганлиги аён бўлди.

Россия императори Пётр I нинг саройи Петергоф музей-қўриқхона ҳисобланади, саммит мезбони бўлган Президент Владимир Путин Петергоф бўйлаб меҳмонларига сайр уюштирган.

Бироқ бу сайрга АҚШ Президенти Барак Обама чиқмаган.

Жаноб Обаманинг зиёфатга бир соатча кечикиб келгани хабар қилинган.

"G20 да кечки овқат тугади, у ерда Сурия бўйича келишмовчиликлар тасдиқланди", деб ёзган ўзининг Twitterдаги саҳифасида Италия Бош вазири Энрико Летта.

Санкт-Петербургдаги кечки тановул арафасида ҳам Россия ва ҳам АҚШ расмийлари Сурия борасида кескин баёнотлар билан чиқдилар.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Саманта Пауэр баёнот эълон қилди.

Баёнотда айтилишича, "Россия Хавфсизлик Кенгашини гаровда ушлаб турипти ва халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятини адо этишдан бўйин товлаяпти".

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар учун брифинг уюштирган.

"Биз исбот-далил ҳисобланмайдиган далилларни қабул қила олмаймиз. Улар ишонтирадиган далиллар эмас", деб айтган Дмитрий Песков.

Йирик 20 лик саммити олдидан унинг иштирокчиларида Сурия инқирози борасида келишмовчилик юзага чиққан.

Бир неча кун олдин АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси Суриядаги кимёвий қурол қўллангани даъво қилинган ҳужумга жавоб сифатида ҳарбий куч ишлатилишини маъқуллади.

Қўмитанинг 10 аъзоси Президент Обаманинг режасини қўллаб овоз берган, етти сенатор қарши ва бир киши овоз беришдан тийилган.

Эндиликда резолюция лойиҳаси бутун Сенатга тақдим этилади.

Овоз беришнинг келаси ҳафта бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Президент Обама Америка ва дунёда Сурияга қарши зарбалар учун имкон қадар кўпроқ дастак олишга ҳаракат қилмоқда.

Санкт-Петербург йиғини арафасида Президент Владимир Путин кимёвий қуролни тинч фуқароларга Сурия ҳукумати қўллаганини исботлаш лозим ва ҳарбий амалиётни БМТ Хавфсизлик кенгаши маъқуллаши талаб қилинади, деб айтган.

"Бусиз ҳарбий амалиёт "тажовуз" бўлади", деган Президент Путин.

Хитой ҳам БМТ маъқуллашини талаб қилмоқда.

АҚШ Президенти Барак Обама эса Сурия борасида ўзининг эмас, балки жаҳон ҳамжамиятининг обрўйи гаровга қўйилганини таъкидлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ