Путин: Ҳарбий аралашув содир бўлса, Россия Сурияга кўмак беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Путин кимёвий ҳужумни "ташқи ёрдамдан умидвор жангариларнинг бузғунчилиги" деб атаган.

АҚШнинг Сурияга ҳужуми амалга ошадиган бўлса, Россия Сурияга ёрдам беришда давом этади. Яъни айни пайтдаги каби ҳам қурол-яроғ кўринишида, ҳам инсонпарварлик ва иқтисодий соҳалар бўйича , деб айтган Россия Президенти Санкт Петербургда ўтган "Йирик йигирмалик" саммитининг якуний матбуот анжуманида.

"Биз Сурияга ёрдам берамизми? Берамиз. Ҳозир қандай ёрдам берадиган бўлсак. Биз қурол яроғ етказамиз, иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик қиламиз. Умид қиламан, инсонпарварлик ёрдамлари ҳам кенгаяди ва ҳозирги пайтда қийин вазиятда қолган фуқароларга зарур гуманитар ёрдамлар кўрсатилади",- деган жаноб Путин Россия Сурияни қанчалик дастаклаши борасидаги саволга жавоб бераркан.

Владимир Путин шунингдек 21 августда Дамашқ четида содир этилган кимёвий ҳужумни "жангариларнинг бузғунчилик амали" деб атаган.

"Кимёвий қурол ишлатилгани ҳақидаги барча ҳаракатларни ташқаридан уларни қувватлаётган мамлакатлардан ёрдам олишни кўзлаётган жангариларнинг бузғунчилиги деб биламан. Бу улар бошлаган амалнинг асосий мақсадидир", дейди Путин.

Путин Сурияга ҳарбий аралашув содир этиладиган бўлса, Ассадни дастаклашини айтсада, лекин бу дастак "ҳужумчилар"га қарши қаратиладими ёки йўқ аниқлаштирмаган.

Жаноб Путин журналистлардан бирининг "Барак Обама билан тик оёқда бўлса ҳам учрашдими?"- деган саволига Америка президенти билан ўтириб гаплашишга вақт топилгани, уларнинг суҳбати 20-30 дақиқа давом этганини айтиб ўтган.

"Биз АҚШ Президенти билан бугун учрашдик- албатта тик оёқда эмас, ўтириб гаплашиб олдик. Лекин биз ўз фикримизда қолдик. Шундай бўлсада, музокаралар бор, биз бир-биримизни эшитдик", деб айтади Путин.

Хитойнинг Синхуа агентлигига кўра, Америка Президенти Барак Обама Петербургда яна бир мамлакат раҳбари, БМТ Кенгашида вето қўйиш ҳуқуқига эга Хитой раҳбари Си Жин Пин билан учрашган.

Жаноб Пин ҳам АҚШни "ҳаракат қилишдан олдин яна бир марта ўйлаб олиш"га чақирган ва "Сурия можаросини ҳарбий куч ишлатиш йўли билан ҳал қилиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.

Обама эса аввалгидек кимёвий ҳужумга Сурия армияси масъул эканини ва бу жиноят жавобсиз қолмаслиги кераклигини урғуламоқда.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳам ўз навбатида Сурия масаласида фикр билдириб, БМТ текширувчиларининг ҳисоботи тайёр бўлгач, Россия Суриядаги вазиятга муносабатини ўзгартиради, деб умид қилишини айтган.

"Россия Ассад ҳукумати кимёвимй қурол ишлатганига ишонмаяпти. Келинглар, халқаро текширувчиларнинг вазифаларини тугатишини кутайлик. Балки, ҳисоботдан кейин вазият жиддий ўзгариши мумкин", дейди жаноб Эрдўғон.

Шунингдек, Туркия Бош вазири Россия билан Сурияга боғлиқ музокаралар олиб борилаётгани ва давом этажагини билдирди.