АҚШ Давлат котиби Араб Лигаси раҳбарлари билан Сурия бўҳронини муҳокама қилади

Image caption Керри Парижга Сурияга ҳамла қилиш масаласида Оврўпо мамлакатлари дастагини олгани борган

Сурияга ҳамла қилиш учун дастак олиш мақсадида Оврўпо бўйлаб сафар қилаётган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Парижда Араб Лигаси раҳбарлари билан учрашади.

Аввалроқ жаноб Керри қатор мамлакатлар ҳарбий амалиётларга тайёр эканликлари ва Сурияга қуролли мудоҳала қилувчилар сони "икки бараварга" ортганини айтганди.

Ўтган ой Дамақшда кимёвий қуролнинг ишлатилишига жавобан Франция интервенция қилиш режасини тўлалигича дастаклаб чиққан.

Бироқ Париж ҳарбий амалиётни бошлашдан аввал БМТ қурол яроқ нозирлари ҳисоботини кўришни истайди.

Жаноб Керри Париждан Лондонга сафар қилади.

Лондонда у Британия Ташқи ишлар вазири Виллиам Ҳейг ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашади.

Айни дамда, Сурия ичкарисида, хабарларга кўра, исёнчи кучлар насронийлар яшовчи тарихий шаҳар Маалулани ишғол этганлар.

Сурия Инсон Ҳуқуқлари Назорат гуруҳининг бошлиғи Абдул Раҳмон АФП ахборот агентлигига Сурия президентига содиқ кучлар минтақадан чиқиб кетганини айтган.

Жаноб Керрининг Оврўпо бўйлаб сафари Сурияга ҳужум юзасидан дунё раҳбарлари ўртасидаги келишмовчилик чуқурлашган бир паллаган тўғри келмоқда.

Россияда ўтган йирик йигирмалик саммитида дунё раҳбарлари Сурия бўйича келишувга эриша олмадилар.