Деннис Родман: 'Ким Чен Ин ажойиб ота'

Америкалик баскетбол юлдузи Деннис Родман Шимолий Корея раҳбарининг Чжу Э исмли қизалоғи борлиги ҳақида гапирган.

Истеъфодаги баскетболчи Родман ўтган ҳафта "спорт дипломатияси сафари" доирасида Шимолий Кореяга борган.

У денгиз бўйида Ким Чен Иннинг оиласи билан дам олганини айтган.

Спортчи Шимолий Корея Президентини "яхши ота" дея таърифлаган.

Дунёдаги энг ёпиқ тузумларидан бирига раҳбарлик қиладиган Ким Чен Иннинг шахсий ҳаёти ҳақида жуда оз маълумотлар бор.

"Мен унинг чақалоғи Чжу Эни қўлимга олдим ва рафиқаси билан ҳам суҳбатлашдим. У ажойиб ота ва унинг чиройли оиласи бор", дейди Деннис Родман.

Image caption Жаноб Ким ва унинг рафиқаси Ли хоним ҳақида кўп нарса маълум эмас

Ўтган йил Ким жаноблари умр йўлдоши Ли Соль Чжу билан тушган суратлари матбуотга чиқаркан, Ли хонимнинг ҳомиладорлиги борасида миш-мишлар тарқалганди.

Аммо, бу хабарлар расман тасдиқланмаган.

Шимолий Корея Ли хоним Ким Чен Иннинг рафиқаси эканини 2012 июлида, Президент билан биринчи марта омма кўз ўнгида пайдо бўлишидан бир ой ўтибгина тан олди.

Жорий йилнинг ўзида икки марта Шимолий Кореяга сафар қилган Родман жаноблари 2011 йил отаси ҳаётдан кўз юмиши ортидан қудратга келган Ким Чен Ин билан учрашган энг нуфузли америкалик бўлиб қолмоқда.

Деннис Родман Пекиндаги мухбирлар саволларига: "У менинг бир умрлик дўстим. Сизлар у ҳақда нима деб ўйлашларингиз мени қизиқтирмайди", дея жаҳл билан жавоб қайтарган.

Бу мавзуда батафсилроқ