Собиқ диктаторнинг ўғли нопок пулларни қайтаради

Image caption Собиқ диктаторнинг ўғли отаси учун халқдан узр сўради ва барча пулларни қайтаришга сўз берди

Жанубий Корея собиқ президенти Чун Ду-Ҳваннинг ўғли отаси қудратда пайти қўлга киритилган мулк ва пулларни давлатга топширишларини билдирди.

Ҳарбий тўнтариш ортидан қудратга келган генерал Чун мамлакатни 1979-1988 йиллар давомида бошқарган эди.

Аммо қудратдан кетганидан анча йиллар ўтиб, 1996 йили собиқ президент хиёнат, коррупция ва ғалаёнда айбланади.

Шундай эса-да, орадан бир йил ўтиб уни авф этишади ҳамда президентлик пайти қўлга киритган бойликларининг муайян қисмини давлатга топшириш талаб қилинади.

Саксондан ошган собиқ раҳбарга қўйилган айбловлар орасида қудратдалиги пайти юз миллионлаб доллар миқдорида пора олиш ҳам бор.

Аввалига маҳкама собиқ президент 202 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни давлатга қайтариши керак, дея ҳукм чиқарганди.

Бироқ жариманинг муайян қисмини тўлагач, собиқ президент қолган қисмини тўлаш учун пули йўқлигини айтган.

Энди эса унинг тўрт нафар фарзанди оила тасарруфидаги қимматбаҳо санъат асарлари ва собиқ президент ўз рафиқаси билан бирга яшаётган уйни ҳам давлатга топширишга рози бўлишган.

Собиқ диктаторнинг ўғли матбуот анжумани ўтказиб, отасининг ишлари учун халқдан кечирим сўраган.

"Оилам номидан бошим эгик бир тарзда узр сўрайман" - деб айтган Жанубий Корея собиқ президентининг ўғли.