Сурия кимёвий қуролларини халқаро назоратга топширишга рози бўлди

  • 12 Сентябр 2013
Image caption Сурия ўз қарорига АҚШ таҳдиди сабаб бўлмаганини айтди

Сурия Президенти Башар ал-Ассад Россия телевидениеси орқали чиқиш қилиб ўз мамлакатининг кимёвий қуроллари халқаро назорат остига қўйилишини билдирган.

Жаноб Ассад "Россия 24" канали орқали гапириб, бу қарорига АҚШ ҳарбий ҳужумлари таҳдиди эмас, балки Россия ташаббуси туртки бўлганини айтган.

Бу эълон Россия ва АҚШ ташқи ишлар вазирлари Женевада учрашишга тайёрланаётган вақтда янграган.

АҚШ Сурия режимини 21 августда Дамашқ ташқарисида заҳарли газ ҳужумини уюштириб юзлаб одамларни ўлдиришда айблайди.

Сурия ҳукумати буни рад этиб, ҳужум учун исёнчиларни айблаган.

"Тинчлик имконияти"

"Россия 24" давлат телеканали орқали чиқиш қилган жаноб Ассад: "Сурия ўз кимёвий қуролларини Россия туфайли халқаро назорат остига топширмоқда. АҚШ таҳдидлари бу қарорга таъсир қилгани йўқ," - деб айтган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров аввалроқ Москванинг учта энг асосий таклифларини ўқиб эшиттирган:

Сурия кимёвий қуроллар ишлаб чиқариш ва ишлатишни таъқиқловчи Кимёвий моддалар бўйича Конвенцияга қўшилиши керак. Сурия кимёвий қуроллари қаерда сақланишини очиқлаши керак ва ўз дастурининг тафсилотларини етказиб бериши керак. Экспертлар қандай аниқ чоралар кўрилиши лозимлиги бўйича қарор қилишлари керак.

Ўз телесуҳбатида жаноб Ассад Сурия кимёвий қуроллар конвенциясига қўшилиш жараёнининг бир қисми сифатида БМТга тегишли ҳужжатларни йўллашини айтди.

Қозоғистонга сафарини якунлаётган жаноб Лавров: "Аминманки, Сурияда тинчликка эришишнинг имкониятлари бор. Буни қўлдан бой бера олмаймиз," - деди.

У мазкур қуролларнинг йўқ қилиниши борасида бирон гап айтмади. Мазкур масала Москванинг Дамашқ билан музокараларидаги ноқулай жиҳатдир.

Жаноб Лавров бу режаларни Женевада АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан муҳокама қилади. Керри жаноблари аввалига БМТ ва Араб лигаси элчиси Лахдар Браҳимий билан музокаралар олиб боради.

АҚШ расмийлари Россиянинг режасини "амалга оширса бўлади, лекин қийин" дея баҳолашган.

Жаноб Керри билан сафар қилаётган расмийлар Сурия ўз кимёвий қуролларини тез ва тўлалигича очиқлаши борасидаги талабни Россия билан муҳокама қилишларини айтишди.

Россия ҳафта бошида Сурияни қуролсизлантириш таклифи билан чиқиши ортидан АҚШ ҳарбий ҳужумлар режасини кечиктирган.