Шинжон ҳужуми: Хитой уч нафар уйғурни ўлим жазосига ҳукм этди

Image caption Зўравонликлар ортидан журналистларга Лукқумга сафар қилиш ниҳоятда қийинлашган

Хитой маҳкамаси уч нафар шахсни 35 инсон умрига зомин бўлган Шинжондаги зўравонликлар юзасидан ўлим жазосига ҳукм этди, дея хабар беради Хитой давлат матбуоти.

Маҳкама Шинжон пойтахти Урумчидан 200 километрча жануби-шарқда жойлашган Луқчун шаҳарчасида 26 июн куни юз берган зўравонликни "террорчилик ҳужуми" деб атаган.

Ўшанда давлат матбуоти полиция бўлинмаларига пичоқлар билан ҳужум қилган оломонга қарата полиция ўт очди, дея хабар қилганди.

Хабарга кўра, тўртинчи шахсни зўравонликлардаги иштироки учун 25 йилга озодликдан маҳрум этган.

Мусулмон уйғурлар ва хитойлик ханлар жамоалари ўртасидаги муносабатлар ўта таранг бўлган Шинжон минтақасида вақти-вақти билан зўравонликлар юз бериб туради.

Шинжон маҳкамаси Аҳмадниёз Сиддиқ, Урайим Эли ва Абдулла Эзраплига ўлим жазосини берди, дея маълум қилган Шинхуа давлат ахборот агентлиги.

Агентлик Аҳмадниёз Сиддиқни гуруҳ раҳбари бўлганини айтган.

Бу шахслар "диний экстремизмни тарқатганлар" ва "хорижий террорчи ташкилотларнинг зўравонликни тарғиб этувчи видеоларини томоша қилганлар", дея хабар берган Шинхуа маҳкамага иқтибосан.

Давлат матбуоти 11 ҳужумчидан ташқари яна 24 нафар инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатганди.

Ахборот қаттиқ назорат қилинувчи Шинжондан олинган хабарларни тасдиқлатиш қийин.

Зўравонликлар юз берган пайти Луқчунга сафар қилишга уринган Би-би-си мухбирини полиция назорат нуқтасидан орқага қайтарган эди.

Уйғурлар Шинжон аҳолисининг тахминан 45% ташкил этади.

Аммо уйғурларга кўра, минтақага ханларни жойлаштириш сиёсати натижасида уйғурлар сони озайиб бормоқда.

Пекин расмийлари Шинжондаги зўравонликлар учун кўп ҳолларда минтақани Хитойдан ажратиб олиш йўлларини излаётган уйғур "экстремистлари"ни айблашади.

Уйғур фаоллари эса Пекинни ўз қаттиққўл сиёсатини оқлаш баҳонасида бўлгинчлик хавфини бўрттириб кўрсатаётганликда айблашади.

2009 йилда Урумчи шаҳрида ханлар ва уйғурлар ўртасида юз берган қонли тўқнашувларда 200 нафарга яқин инсон ҳалок бўлганди.

Бу мавзуда батафсилроқ