Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Сурия масаласида Россияни таклифини дастаклади

  • 13 Сентябр 2013
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Сурия масаласида Россия таклифини қўллаб-қувватлашди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар учрашуви бўлиб ўтди.

Унда Россия тарафи Сурия масаласида Хитой, Эрон ва Марказий Осиё давлатлари дастагини олишга муваффақ бўлди.

Ҳозир Сурияда кимёвий қуроллар ишлатилгани даъволари боис АҚШ ва унинг иттифоқчилари Башар ал-Ассад тузумига қарши ҳужумлар ҳақида гапиришмоқда.

Аммо Россия ушбу қуролларни халқаро назоратга топшириб, яксон этиш эвазига Сурияга ҳужум қилмаслик таклифини илгари сурмоқда.

Бишкекдаги саммитда гапирган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Сурия масаласида Россиянинг таклифини қўллаб-қувватлашини айтган.

"Сурия муаммоси дунё эътибори марказида қолмоқда. Биз Бишкек декларациясидан ўрин олган Россиянинг Сурия кимёвий қуролларини халқаро назорат остига қўйиш ва Суриянинг кимёвий қуролларни тақиқлаш ва уларни йўқ қилиш конвенциясига қўшилиши ҳақидаги таклифини қўллаб-қуватлаймиз. Янада муҳим нуқтаси - Россия президенти Владимир Путин кўп марта таъкидлаганидек, Сурия инқирозини Сурия чегараларидан ташқарига йўл қўймасликдир", - деб айтган Ислом Каримов.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг Бишкекдаги учрашуви бир тарафдан Хитойнинг Марказий Осиё бўйлаб ошаётган таъсирини таъкидлайди.

Иккинчи томондан эса, Россия ва Хитой атрофида собиқ Совет Марказий Осиёси ҳамда Эрон каби давлатларни ҳам жипластиришга уруниш жараёни кўзга ташланади.

Ҳозир Хитой минтақада темир йўллар ва нефт-газ қувурлари қуриш, бозорлар ташкил этиш билан ўз назоратини кучайтара бошлаган.

Хитой Марказий Осиёни қандай ҳамкор сифатида кўради?

Би-би-си бу борада Хитой ва Марказий Осиё бўйича таҳлилчи доктор Алекс Питерсонда сўради.

Алекс Питерсон: Пекинда бу борада қандайдир улкан режалар бор деб ўйламайман. Тадқиқотларимизга қараб айтишим мумкин, Хитой ўзи билиб-билмай минтақада йирик салтанатга айланиб қолмоқда. Сабаби иқтисодининг шиддат билан ўсганидир. Марказий Осиё ва Хитойдаги иқтисодий ўсиш жуда ҳам катта фарқ қилади. Тўғри, Марказий Осиёда тижорат юритиш жуда қийин. Лекин Хитой бу йўлда қаттиқ ҳаракат қилмоқда. Ҳозир юз минглаб хитойлик кичик тожирлар арзон-гаров Хитой молларини Марказий Осиёга олиб киришади. Шу асно хитойликлар бошқа рақибларни Марказий Осиё бозорларидан сиқиб чиқаришмоқда. Лекин бу Хитойнинг бош мақсади дейиш мушкул. Балки табиий тарзда юзага келган ҳолатдир. Бу ҳолат эса Марказий Осиёда йирик ўзгаришларни ясамоқда.

Би-би-си: Лекин Марказий Осиё Россиянинг томорқаси саналади. Ҳозир бу томорқага Хитойнинг кўз олаётираётгани Шанхайда икки етакчи куч - Москва ва Пекин алоқаларига қандай таъсир қилмоқда?

Алекс Питерсон: Россия ва Хитой қилаётган расмий баёнотларда ўртада рақобат ва ё таранглик йўқлигини урғулашади. Лекин манзарага чуқурроқ қарасангиз, аҳвол бутунлай тескари. Сўнгги 4-5 йил ичида айнан Шанхай ҳамкорлиги доирасида рақобат юзага келмоқда. Чунки Шанхай - Хитой етакчилик қиладиган гуруҳ. Бу ташкилот орқали Хитой кимгадир ёрдам кўрсатади, Марказий Осиё билан мулоқотга киришади. Айни дамда, Россия президенти бот-бот такрорлаётган Оврўосиё Иттифоқи ҳам бор. Ғарб буни кўпинча аксил ғарб, аксил НАТО ва аксил Оврўпо иттифоқи деб изоҳлайди. Аммо аслида бу зимдан Хитойнинг собиқ Совет худудларига ёйилаётган таъсирига қарши куч сифатида юзага чиқаётган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Бишкекдаги Шанхай учрашуви Сурия ва Афғонистон масаласида ўз муносабатини билдирмоқда. Унга Россия ва Хитой етакчилик қилаяпти. Хуллас, қандайдир маънода у АҚШ бошчилигидаги ғарб иттифоқига муқобил бир гуруҳ сифатида ўртага чиқаяпти, дейиш мумкинми?

Алекс Питерсон: Шанхай ҳамкорлиги аввал бошданоқ келажак иттифоқи сифатида ўртага чиққан. Ва ҳали анча пайт келажакнинг бир ташкилоти бўлиб қолса керак. Чунки, Шанхай ҳамкорлиги ичи бўш ташкилот. Масалан, Тошкентдаги аксил террор марказини олинг. Бу ҳали жиддий бир институт сифатида шакллангани йўқ. Аммо бу ташкилот Хитой учун ўз таъсирини ёйадиган кучли воситадир. Шу асно Хитой Марказий Осиёдаги Россия таъсирини пасайтирмоқчи, балки бутунлай йўқотмоқчи.

Би-би-си: Лекин Шанхай аслида турфа ғояларни ўзида мужассам этган ташкилот ҳам эмасми? Масалан, минтақа учун жуда муҳим ички ишларга аралашмасликни шиор қилган, экстремизм ва фундаментализмга қарши курашувчи бир гуруҳ сифатида туғилган. Бу барча аъзоларга маъқул бирлик эмасми?

Алекс Питерсон: Тўғри. Лекин бу ерда Қирғизистон айни қолипларга тўғри келмайдиган ягона мамлакат. Шу қаторда ўзининг улкан газ бойликлари туфайли Хитой учун энг муҳим мамлакат бўлмиш Туркманистон Шанхай ташкилотига аъзо эмас. Аммо Шанхай ҳамкорлиги қайсидир маънода авторитар яккаҳоким раҳбарларнинг клуби деган лақаб ҳам олганди. Аммо Хитойнинг минтақада ўз таъсирини оширишдек бир мақсади олдида бу воқеликлар унчалик катта аҳамият касб этмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ