"Ал-Қоида"раҳбари жиҳодий гуруҳларни бирлашишга чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Айман Завоҳирий мурожаати Ал-Қоида кучларининг анча заифлашганини кўрсатади, дейди таҳлилчилар.

Нью-Йорк ва Вашингтонда 2001 йил 11 сентябрда содир этилган портлашлар санаси яқинлашар экан, ал-Қоида етакчиси Айман Завоҳирий ўз тарафдорларига мурожаат қилган.

Аудио мурожаатда Америка иқтисодига зиён етказиш учун унга қарашли биноларга ҳужум уюштириш ва Америка маҳсулотларини бойқот қилишга чақирилади.

Таҳлилчилар фикрича, бу каби кичик мақсадлар Ал-Қоида ташкилотининг чекланган имкониятларини намойиш этиб, унинг яқин ўтмишдаги каби йирик ҳужумларни ташкил қилишга қодир эмаслигини кўрсатади.

Айман Завоҳирий ўз мурожаатида шу йилнинг апрел ойида содир этилган Бостон портлашлари ташкилотчилари ака-ука Царнаевларни олқишлайди.

Мурожаатда шунингдек, Америка Ироқдан қочаётганлиги, Афғонистонда мағлубиятга учрагани ва Ал-Қоида албатта ғалаба қозониши айтилади.

"Америкада қон тўкилар экан, у ердаги хавфсизликка улкан миқдорда маблағлар сарфланади. Американинг ожиз ери- бу унинг иқтисоди, ҳарбий харажатлар ва хавфсизлик учун кетадиган маблағлар ҳисобига иқтисоди емирила бошлайди", деб айтади Завоҳирий.

У шу қаторда, Американи доимий қалтислик ва қўрқувда сақлаш кераклигини таъкидлайди.

"Биз Сомали, Яман, Ироқ, Афғонистонда қандай қилиб асаблар урушида ғолиб бўлган бўлсак, энди Американинг ўз майдонида бу урушни бошлашимиз керак".

"Бундай ҳужумлар ака-укаларимиз ёки кичикроқ гуруҳлар орқали амалга оширилиши мумкин".

"Бизнинг Америка ва унинг шериклари маҳсулотларига ишлатадиган ҳар бир долларимиз Фаластин ва Афғонистондаги биродарларимизни ўлдираётган ўқлардир", дейди жаноб Завоҳирий.

Кўпчилик таҳлилчиларга кўра, Завоҳирийнинг мурожаати Ал-Қоиданинг Покистондаги асосий кучлари жиддий кучсизлашгани ҳақидаги тахминларни исботлайди.

Бироқ уларнинг айтишича, Ал-Қоиданинг Ямандаги тармоқлари ҳали ҳам жиддий хавф туғдирадиган кучлар саналади.

Завоҳирий она юрти Мисрдаги воқеаларга тўхталиб, ҳарбий тўнтариш ортида АҚШ турганини урғулайди.

Шу билан бирга, ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийни танқид қилиб, уни Мисрни шариат қонунлари асосида бошқаролмагани ҳамда АҚШ ва Исроил билан алоқаларни вақтида узмаганликда айблайди.

Айман Завоҳирий Тунисдаги исломий ҳаракатни ҳам "Америка билан келишув"га борганини қоралайди.

Яқин Шарқдаги воқеалар "Ал-Қоида" учун ноқулай вазиятни пайдо қилди, ўзгаришлар учун улар таклиф қилган зўравонлик эмас, балки намойиш ва демократик сайловлар қулайроқ эканини кўрсатди, дейишади таҳлилчилар.

Бироқ Суриядаги воқеалар жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида турар экан, Ал-Қоида ҳам ундан ўзи учун фойдаланишни хоҳлаши табиий.

Завоҳирий Сурия исломий жангариларини улар каби Башар ал-Ассад тузумига қарши курашаётган дунёвий мухолифат билан келишувга бормасликдан огоҳлантиради.

"Миср воқеалари сиз учун сабоқ бўлиши керак", дейди Ал-Қоида раҳбари ўз мурожаатида ва минтақадаги жиҳодий гуруҳларни бирлашувга чақиради.