Россия ва Америка Суриядаги кимёвий қурол масаласида келишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Москва ва Вашингтон расмийлари Суриядан қайси турдаги кимёвий қурол келтирилиши ва йўқ қилинишини келишиб олганлар.

Сурия БМТ текширувчиларига ўзидаги кимёвий қуроллар заҳирасини кўрсатиши ва уларни яксон қилиб ташланишига имкон яратиши керак.

Бу борадаги келишувга Женева шаҳрида Америка Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров музокаралари якунида эришилган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг айтишича, Москва ва Вашингтон Суриядан қайси турдаги кимёвий қурол келтирилиши ва йўқ қилинишини келишиб олганлар.

Жаноб Керри олти қисмдан ташкил топган ҳаракат режасини тузиб чиққан. Унга кўра, расмий Дамашқ бир ҳафта ичида ўзи эга бўлган кимёвий қурол рўйхатини тақдим этиши лозим.

Шунингдек Керри жаноблари Женевадаги келишув БМТда бу борадаги резолюция қабул қилинганидан кейин кучга киришини билдирган.

Томонлар Сурия зиммасидаги масъулиятни бажармаган тақдирда резолюцияда ҳарбий куч ишлатиш банди киритилиши керакми, деган масалада турли фикрда қолган.

Айни пайтда Сурия мухолифати мазкур келишувни рад этди.

Ўзларини "Озод Сурия армияси" деб атаган мухолифат етакчиларидан генерал Салим Идрис америкаликларни Россия ташаббусига лаққа тушмасликка чақирди ва мухолифат Башар- ал аАсадга қарши курашини давом эттиришини айтди.

Айни дамда Дамашқ атрофида ҳукумат қўшинлари ва исёнчилар жанги давом этган. Гувоҳлар Сурия армияси учоқлардан бомбардимон уюштирганини хабар қилишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Сурия Президентини инсониятга қарши жиноятда айблаган.

"Сурияда кимёвий қурол қўлланилган"

Кейинги ҳафтада эълон қилиниши кутилаётган БМТ текширувчилари ҳисоботи Сурияда ўтган ой кимёвий қурол қўлланилганини тасдиқлайди, деб айтган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун.

Жаноб Мун шу билан бирга 21 августда Дамашқнинг Гута туманидаги ҳужумга ким айбдорлигини очиқламаган.

БМТ мутахассислари зиммасига кимёвий ҳужум масъулларини аниқлаш кирмайди.

Шунингдек Пан Ги Мун Сурия Президенти "инсониятга қарши жиноят"ни содир этгандир, деган.

"Мен ишонаманки, ҳаммаси ниҳоя топгач, айбдорлар албатта жавоб бериши керак", деб айтади БМТ бош котиби.

АҚШ ва Россия Ташқи ишлар вазирлари уч кун Женевада Суриядаги кимёвий қуролларга доир музокараларни давом эттиришди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурияда Башар ал-Ассад тарафдорларидан бири.

Хабарларга кўра, музокаралар икки йўналишда- ҳам дипломатик, сиёсатчи ва дипломатлар иштирокида, ҳам таҳлилчилар билан бирга Россия режаси ҳаётга тадбиқ этиладиган бўлса, қайси жиҳатлар аниқ кўзда тутилиши борасида ўтказилган.

Жума куни кечқурун Россия Ташқи Ишлар вакилининг айтишича, Лавров ва Керри тунда музокараларни давом эттиришади.

"Бу эса вазиятда анча силжиш борлигини кўрсатади... Ҳозир ҳақиқий музокаралар кетмоқда, улар муаммони ҳал қилиш устида ишлашмоқда", дейди Россия вакили Рейтер агентлигига.

Россиянинг Суриядаги кимёвий қуролларни халқаро назорат остига топшириш ва йўқ қилиш таклифидан сўнг жаноб Обама ҳарбий амалиётларни Конгрессда овозга қўйиб тасдиқланишини бекор қилганди.

Шу билан бирга Оқ Уй расмийлари БМТ резолюцияси билан назорат остига олинадиган кимёвий қуролларга доир қонун бузилган тақдирда ҳарбий аралашув билан мустаҳкамлашни талаб қилиб чиқиши баҳсли музокаларга сабаб бўлди.

Қўшма Штатлар Америка БМТ розилигисиз ҳарбий ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқини сақлаб қолиш ниятини билдирди.

Женевадан охирги хабарларга қараганда, БМТнинг Сурия бўйича резолюциясида АҚШ талаб қилган ҳарбий куч ишлатиш банди бўлмайди.

Олдинроқ Россия БМТнинг ҳар қандай резолюциясига ҳарбий аралашув шарти киритилишига қатъиян қарши чиққан эди.