Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле дунёдаги энг узун фамилиялик аёл

Гавайилик Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле қизлик пайтида Ворт фамилиясида бўлган.

Америкалик аёл Гавайи штати томонидан ўзининг тўлиқ исми ва фамилияси билан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ҳуқуқига эришган.

Аёлнинг тўлиқ исми- шарифи Жанис Локелани Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле ҳисобланади.

Шу пайтгача ҳайдовчилик гувоҳномасида унинг қисқартирилган исми ёзилган, сабаби штатдаги компьютер тизими 35 ҳарфдан кўп бўлмаган сўзларни қабул қилмаган.

Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле ўз фамилиясини 1992 йил турмушга чиққач ўзгартирган.

Унинг сўзларига кўра, Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле сўзи қатор маъноларни билдиради.

Улардан бири - "Кимки, атрофда тартибсизлик бўлиб турганда чиқиб одамларни бир томонга йўналтирар экан, у одамларни фожеадан чиқиб олишга ҳам албатта кўмаклашади", демакдир.

"Гавайликларга беҳурматлик"

Асли Ворт бўлган Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле ўзининг тўлиқ исми-шарифи учун курашга бел боғлашига бир воқеа сабаб бўлганини ҳикоя қилади.

Бир куни полициячи унинг машинасини тўхтатиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини текширар экан, нега фақат исми ёзилганига қизиқади.

Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле эса унга "ҳайдовчилик гувоҳномаси керакли шаклда ёзилмагани менинг айбим эмас ва буни мен тўғирлайман", деб айтади.

Шунда полициячи унга қизлик фамилиясини олиши мумкинлигини маслаҳат беради. "Бу менинг юрагимни вайрон қилди", дейди Кеиханаикукауакахихулихеекахаунаеле хоним.

"Бу полициячи менинг исмимга қандайдир бир бемаъниликдек муносабатда бўлди. У гавайиликларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатди. Бу мени хафа қилди", деб айтади гавайилик аёл.

Шундан сўнг у Гавайи штатига мурожаат қилади. Расмийлар унга 2013 йил охиригача ҳужжатлари тайёр бўлишини ваъда қилишади.

Гавайи ороллари транспорт бошқармаси вакили Кэролин Слуйтернинг айтишича, компьютер тизими ривожлантирилиб, узун сўзлар сиғиши устида иш олиб борилмоқда.

"Биз бу муаммони биламиз. Ҳозир компьютердаги исм ёзиладиган қаторга 40тагача ҳарфни сиғдиришни ўйлаяпмиз", дейди Кэролин Слуйтер.