Ҳиндистоннинг жинсий зўрлаш ҳақида жимлик анъанаси

Деҳлида талаба қизни шафқатсиз зўрлаганликда айбланган тўрт эркакнинг ўлим жазосига ҳукм этилишидан сўнг, ҳиндистонликлар қандай қилиб шаҳарни аёллар учун хавфсиз жойга айлантириш тўғрисида муҳокама қила бошладилар.

Лекин бир мавзу - оилада жинсий зўравонлик борки, бунда одамлар асосан сукут сақлашни маъқул кўришади.

Менинг эрта болалигим ҳақида у қадар ёрқин хотираларим йўқ, лекин жинсий зўравонлик манзаралари ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.

Мен етти ёшларда эдим, ўрта ҳол катта оилада беш ака-опа ва бошқа кўп сонли қариндошлар билан айвонли икки хонали уйда яшар эдик.

Онам уй бекаси бўлиб, ҳар доим имконияти чекланган шундай катта оиланинг ишлари билан ўта банд бўларди. Отам ҳам биз ҳаммамизни боқиш учун тинимсиз ишлашига тўғри келарди.

Менга ана шу катта оиланинг бир қисми бўлиш жуда ёқар эди. Бу менда оилани ҳис қилиш ҳиссини берарди ва шу билан бирга жинсий зўравонлик учун осонгина ўлжага ҳам айлантирар эди.

Узоқ қариндошлар, амакибаччалар тинимсиз келиб кетишар эди. Оиланинг энг кичик қизи сифатида мен уларнинг "севимли"си эдим.

Лекин бу севги фақат улар билан ёлғиз қолганимда рўй берар эди.

Мен буни ёқтирмас эдим, лекин шу вазиятга тушган бошқа кўплар каби бу ҳақда гапиришдан уялар эдим.

Тегажоғлик қилиш, ўпиш ёки ҳаммомда улар билан қулфланиб қолиш шундай "севги" эди.

Уй тўла одам бўлса ҳам, мен доим ўзимни бутунлай ёлғиз ва хўрланган ҳис қилардим.

Мен ўзимда кечган бу ҳиссиётни ҳозир ҳам аниқ эслайман. Ўшанда 10 ёшларда эдим.

Бир неча йил давом этган доимий зўравонликдан сўнг мен чидай олмадим ва ерга ўтириб олиб бақира бошладим.

Жиноятчи ҳайратдан тошдек қотиб қолган эди. Нега мен шунча пайтдан кейин қўзғолон қилдим? Нима ўзгарган эди?

Эсимда, менинг катта опам зўравонни ҳолдан тойгунича калтаклади. Ота-онам эса унинг уйдан чиқиб кетишини сўрашди.

Шу билан воқеа тугади. Биз ҳаммамиз яна ҳеч нарса бўлмагандек яшай бошладик.

Мен аниқ билмайман, у менга қандайдир таъсир ўтказганини.

Мен шундан кейин эркакларни ёмон кўриб қолмадим. Мен бахтли бола бўлиб ўсдим. Мен мустақил бўлдим. Ота-онам мен учун ҳамма нарса яхши бўлишини исташар ва шунга ҳаракат қилишар эди.

Кейинчалик мен ўзимга савол бера бошладим. Нега улар ўшанда полицияга хабар беришмади? Нега у жазосиз қолди?

Менинг либерал, замонавий оилам ор-номус ҳақида ўйлаган эдими?

Оиланинг қисми ҳеч қачон баҳс мавзуси бўлмаган, мен билан боғлиқ вазиятда бу яна ҳам муҳим аҳамият касб этган.

Ёки бу бошқа нарса эдими? Ўн йиллар ўтиб ҳам мен ота-онамдан бу ҳақда сўрашга жазм қилмадим. Мен ҳалигача бунинг жавобини билмайман.

Лекин опаларим, амакибачча ва дўстларим билан суҳбатлашиб, мен шунга амин бўлдимки, уларнинг кўпчилиги бу мушкул тажрибадан азоб чеккан эди.

Зўравонликка дуч келиш орқасидан доимий сукут сақлаш, унутиш ва ўзини худди ҳеч нарса бўлмагандек қилиб кўрсатиш давом этаверар эди.

Шунинг учун, деҳлилик талаба қизни зўрлаб, унинг ўлимига олиб келган тўрт жиноятчининг айби исботланиши ва ўлим жазосига ҳукм қилиниши ортидан мен яна ўзимга савол бердим: ҳинд оилаларидаги жимлик анъанаси қачон барҳам топади?

Нобел мукофоти совриндори иқтисодчи Амартия Синх ҳиндлар анъанаси ҳақида сўзлайди.

"Яқинда бир шарҳловчи айтиб қолди, биз афтидан ҳамма нарса ҳақида баҳслашишни яхши кўрамиз, фақат ўзимиз ҳақимизда эмас".

Бизнинг оилаларимиз қачон ёш қизлар, болалар, аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик илдизлари ва сабаблари ҳақида гапира бошлайди?.

Деҳлида автобус ичида талаба қизнинг жинсий зўрлангани хабари бир зумда бутун дунёга ёйилди.

Аёлларнинг жамоат жойларида хавфсизлигини таъминлаш ҳақидаги суҳбатлар умид уйғотади.

Лекин полициянинг ҳисоботига кўра, 23 ёшли талаба қиз бегоналар томонидан зўрланган кам ҳодисалардан биридир.

Полицияга келтиришича, 90 фоиз ҳолатда зўравонлар ўз қурбонларини яхши билишади ёки жабрдийдалар зўравонлар билан яқин таниш.

Нима қилиш керак?

Уй ва маҳаллалар жамоат жойларидан кўра хавфсиз эмаслиги равшанроқ. Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб шундай дейман. Бу нарса ўзгариши керак.

Ҳиндистонда аёллар ўз уйларида хавфсиз бўлишлари ҳақида кўпроқ гапириш керак.

Шунга амин бўлиш керакки, менинг олти ёшли қизим авлоди саволлар ва жимлик орасида яшамасин.