АҚШ: Ҳужумчи собиқ аскар бўлган

Вашингтонда 12 одамни ўлдириши ортидан ҳалок бўлган қуролли шахс собиқ аскар экани аниқланган.

Техас штатида туғилган 34 ёшли Аарон Алексис Вашингтоннинг Неви Ярд ҳудудида юз берган ҳужуми ортидан полиция билан юзага келган отишмада ўлдирилган.

Душанба куни маҳаллий вақт билан 8:20да бошланган ҳужумда саккиз киши жароҳат олган.

АҚШ Президенти Барак Обама Оқ Уй ва Капитол Хиллдаги байроқлар ярим туширилишини буюрди.

У "яна битта оммавий отиш" туфайли мотам тутаётганини айтиб, "қўрқоқларча амал"ни қоралади.

Кириш рухсати

Ҳужумда ёши 46дан 73гача бўлган 12 киши нобуд бўлган. Ҳужумчи нима учун бу ишга қўл ургани сабаблари аён эмас.

Полиция аввалига яна икки қуролли гумондорлар борасидаги хабарларга биноан иш тутган, бироқ тинтувлар ортидан Вашингтон полицияси раҳбари Кати Ланиер Алексис ягона қуролли ҳужумчи бўлгани аниқ эканини билдирди.

Гувоҳлар Алексис АҚШ пойтахтидаги қаттиқ қўриқланувчи хавфсизлик иншоотининг залида одам танламасдан ўт очгани, ва айвондан туриб пастдаги ходимларни ўққа тутганини айтишди.

У AR-15 автоматик қуроли, милтиқ ва полиция зобитидан тортиб олган тўппонча билан қуролланган бўлгани хабар қилинади.

Image caption Аарон Алексис ўтмишда ҳам қуролларга боғлиқ жиноятлар учун ҳибсга олинган

"У полиция зобитлари билан келиб чиққан отишмада ҳалок бўлди. У отишда давом этишига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди," - деб айтди Ланиер хоним.

Федерал Қидирув Бюроси ходими Валери Парлейв ҳужумчи АҚШ денгиз кучларининг ички тармоғида ишлаётган ширкатнинг ходими бўлгани ва Вашингтон денгиз кучлари иншоотига кириш рухсатномасига эга бўлганини айтди.

АҚШ денгиз кучларининг билдиришича, Алексис собиқан учинчи даражали зобит бўлган ва 2007-11 йилларда денгиз кучлари резервида хизмат қилган.

У нима учун армияни тарк этгани номаълум, бироқ исми-шарифи ошкор этилмаган ҳарбий зобитларнинг АҚШ матбуотига билдиришларича, Алексис ўз хизмати давомида тартиб-интизомни бузгани учун танбеҳ олган.

Матбуот хабарларига кўра, Алексис Буддизмни қабул қилган ва ўтмишда қуролларга боғлиқ жиноятларда икки марта айбланган.

2004 йилда у Сиэтл шаҳрида қурувчининг машинаси ғилдиракларига ўт очгани учун ҳибсга олинган.

2010 йилда у Форт Ворсдаги яшаётган уйи тепасидаги хонадонга ўқ отиши ортидан сўроқ қилинган. У тўсатдан қуроли отилиб кетганини айтган.

Душанба куни Вашингтонда юз берган ҳужумда ҳалок бўлганлардан ташқари, бир полиция зобити оёғидан ўқ еган, оддий аёл фуқаро боши ва қўлидан ўқ еган, ва яна бир аёл елкасидан еган ўқ ортидан тиббий муолажа олган. Яна беш киши жиддий бўлмаган жароҳатлар олишган.

АҚШ Сенати бинолари ва яқин орадаги олтита мактаб вақтинча ёпиб қўйилган, Реган Миллий аэропортидаги парвозлар тўхтатилган.

Отишма Денгиз кучлари учун кемалар ва сувости кемаларни қуриш ва таъмирлаш билан шуғулланадиган Денгиз кучлари қўмондонлиги биносида юз берган.