Афғон сиёсатчиси Толибон сафига қўшилди

Афғонистон расмийларининг Би-би-сига айтишларича, собиқ сенатор ва Сарипул вилоятидаги туман ҳокимларидан бири Толибон сафига қўшилган.

Қози Абдул Ҳай 2004 ва 2008 йилларда сенатор сифатида фаолият олиб борган, кейинроқ эса, Сарипулдаги улусворликлардан бирига ҳоким қилиб тайинланганди.

Мухбирларга кўра, у ҳозиргача Толибон сафига қўшилган энг юқори мартабали расмийдир.

Ҳодиса хорижий кучлар 2014 йил Афғонистонни тарк этишга ҳозирланаётган ва мамлакатда президентлик сайловлари режаланган бир пайтда кузатилмоқда.

Ҳай жаноблари Толибон сафига сешанба куни ўзининг икки тан қўриқчиси билан бирга қўшилган.

Расмийлар бу қарорга уни нима ундагани қоронғу эканини айтишган ва ушбу амалнинг таъсирини пасайтириб кўрсатишга уринишган.

"Унинг кетиши туман аҳолисига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, чунки у жуда катта таъсирга эга шахс эмас эди", деб айтган Сарипул ҳокими ўринбосари Абдул Ғофур Дастёр Би-би-сининг Кобулдаги мухбирига.

Унинг қўшимча қилишича, жаноб Қози Абдул Ҳай Афғонистонни Покистон чегараси орқали тарк этганига ишонилади.

Толибон ушбу ҳодисани ўз ютуғи сифатида олқишлаган.

Қози Абдул Ҳай Толибон вебсаҳифасида пайдо бўлган видеоёзувда ўзини собиқ мужоҳид дея таърифлаган ва Кобулда ўтказган 4 йили давомида, ўзининг таъбирича, "ҳукуматнинг ахлоқсиз башарасини" кўрган.

Мухбирларга кўра, толиблар ушбу видеоёзувдан ўз тарғиботларини кучайтириш имконияти сифатида фойдаланишмоқда.

Сарипул Афғонистон шимолида жойлашган тоғли минтақа.

Бир неча йиллардан бери вилоят у қадар кўп Толибон зўравонликларига саҳна бўлгани йўқ.

Аммо, яқин йилларда жангарилар шимолий ҳудудлардаги фаолиятларини кучайтиришган.

Ўтган йил ғарбий Фараҳ вилоятидан бир полиция қўмондони ва 13 зобити Толибон томонга ўтганди.

Бундан олдин Ҳелмандда 11 полиция ходими толиблар сафига қўшилгани хабар қилинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ