Путин яна президент бўлмоқчи...

Image caption Агар, ўз ниятини амалга оширса, бу – Владимир Путиннинг тўртинчи бор Россия президентлиги курсисига кўз тикиши бўлади

Россия президенти 2018 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини яна бир бор илгари суриши эҳтимолини назардан соқит этмади.

Агар, ўз ниятини амалга оширса, бу – Владимир Путиннинг тўртинчи бор Россия президентлиги курсисига кўз тикиши бўлади.

Ғалаба қозонган тақдирда эса, жаноб Путиннинг бошқаруви қарийб чорак асрга етади.

Россия тарихида фақат марҳум Иосиф Сталингина ҳокимиятда бундан-да узоқ қолган ягона давлат раҳбари ҳисобланади.

Президент Владимир Путин бу ҳақда пайшанба куни “Валдай” баҳс клубида бўлиб ўтган мубоҳасалар чоғида баён қилган.

Франция собиқ Бош вазири Франсуа Фийонга, “Бундай эҳтимолни назардан соқит этмаслиги”ни айтаркан, жаноб Путин орадан бир соат ўтиб, бу ҳақда ҳали гапиришга эрталигини ҳам қистириб ўтган.

Аммо ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро сиёсатчилар Россия президентининг жавобини табиий, деб қабул қилишмоқда.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Владимир Путин ғолиб чиққан ўтган март ойидаги сўнгги президентлик сайловлари оммавий намойишлар манзарасида кечган ва ўнлаб намойишчиларнинг ҳибсга олинишлари билан якун топганди.

Таҳлилчи муносабати

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Франциядан ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Владимир Путин сиёсий прагматик шахс сифатида ўзининг номига салбий таъсир қилмаслиги учун ҳозирдан кейинги сайловларда иштирок этишим мумкин, деган баёнотни бермоқда:

“Агар ҳозирданоқ тўрт йил кейинги сайловларда мутлақ иштирок этмайман, дейдиган бўлса, Путин ўзининг курсига нисбатан салбий тенденциялар кучайиб кетиши эҳтимоли юқорилигини яхши билади. Путин ана шу жараённинг олдини олиш учун ҳозирданоқ ана шундай баёнотлар билан чиқмоқда”, - дейди сиёсий таҳлилчи:

Владимир Путиннинг ўз истагини амалга ошириш аҳдида қанчалик қатъий экани ва норози аҳолисининг кайфияти бунга нечоғлик изн бериши саволига тўхталаркан, Камолиддин Раббимов Россияда унинг рейтинги ҳануз юқори эканига эътибор қаратади.

“Маълум бир сиёсий фонда 75 фоизгача аҳоли Путинни мустаҳкам қўллаб-қувватлаб турибди. Ва эътибор берсангиз, ҳозир унинг бошқарув стили, оҳангги анчагина ўзгарган. Путин олдин танқидга нисбатан жуда ҳам чидамсизлик билан, кескин жавоб берадиган бўлса, секин, секин ҳар қандай танқидни имкон қадар эшитишга ўзида бир мойиллик кўрсатаяпти”, - дейди у.

Сўнгги баёнот ва Марказий Осиё

Image caption Путиннинг сўнгги баёноти Ўзбекистон-Россия муносабатлари анчайин совуқлашган бир манзарада кузатилмоқда

Таҳлилчи Камолиддин Раббимов, ўз ўрнида, барча Марказий Осиё давлатлари, ҳатто, шартли равишда Қирғизистонда ҳам бир авторитар модел шакллангани, у ердаги сиёсий тизимлар дунё ҳамжамиятининг жамоатчилик фикрига қарамаслигини айтаркан, Путиннинг яна бир бор ҳокимиятда қолиши уларнинг легитимлигини кескин ўзгартириб юбормаслигини ҳам таъкидлайди.

“Владимир Путиннинг қудратда қолиши фақатгина уларнинг легитимлигига бироз бўлса-да қўшимча омил бўлиши мумкин”.

Сиёсий таҳлилчи 2014 йилги президентлик сайловларида Ислом Каримовнинг бир овоздан кетади, деб айтишга эрта, агар қудратда яна унинг ўзи қоладиган бўлса, Ўзбекистон билан Россия муносабатлари ҳозирги ўзанда давом этаверади, деган фикрда.

“Ҳозир Россиянинг асосий муаммолари Оврўосиё Иттифоқини тузишда Украина ва Қофқоз билан бўлаяпти. Ва, ҳаттоки, Қозоғистон ҳам маълум ветолар бераяпти. Демак, Россиянинг интеграцион лойиҳалардаги асосий босими бугунги кунда Ўзбекистонгача етиб бормайди. Шу сабабдан ҳам, бу икки давлат орасидаги ўзаро муносабатлар совуқлигича сақланиб қолаверади”, - дейди таҳлилчи.

Аммо, унга кўра, агар президент Каримов кейинги сайловларда ўтмайдиган бўлса, қудратга ким келишидан қатъиназар, янги шахс билан Россия-Ўзбекистон муносабатлари қайтадан кўриб чиқилиши аниқ.

Таҳлилчининг айтишича, Владимир Путин яна бир бор президент бўлган тақдирда ҳам, Россиянинг меҳнат муҳожирлиги борасидаги сиёсати зиддиятлилигича қолаверади.

"Россиянинг меҳнат муҳожирларига фундаментал эҳтиёжи бор. Ва, ўйлайманки, шунинг учун ҳам Путиннинг риторикаси, танқидий муносабати сақланиб қолаверади. Лекин, Россиянинг манфаатларидан келиб чиқиб, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан борадиган меҳнат муҳожирларини Россия қабул қилишда давом этаверади", - дейди у.

Бу мавзуда батафсилроқ