Найробида жангарилар ҳужум қилган савдо маркази "тозаланмоқда"

Кения Хавфсизлик Кучлари Найробида жангарилар ҳужум қилган йирик савдо марказини қаватма-қават текшириб чиқмоқдалар.

Сешанба эрталаб ҳам марказдан отишма садолари эшитилган.

"Тозалаш амалиёти" охирига етаётгани ҳақида айтилмоқда.

Жангарилар ҳужуми оқибатида ҳозирга қадар 62 киши ҳалок бўлгани аниқланган.

Кения Ташқи Ишлар вазирининг айтишича, жангарилар сафида "икки-уч нафар АҚШ фуқароси ва Британиялик аёл ҳам бўлган".

Вазир Амина Муҳаммаднинг АҚШнинг PBS Newshour теледастурига айтишича, америкаликлар ёшлари 18-19 да ва Британиялик аёл "бу каби амалиётларни авваллари ҳам кўп маротаба бажаргандир".

Лекин аввалроқ Кения Ички Ишлар вазири ҳужумчиларнинг ҳаммаси эркак, аммо аёл уст-бошини кийиб олганлари ҳам бор, деб айтганди.

Найробида бўлган Би-би-си мухбирига кўра, Ташқи Ишлар вазирининг изҳороти ҳужумчилар орасида Лондон транспорт тизимида 2005 йил июл ойида қатор ҳудкуш ҳужумларни амалга оширганлардан бирининг беваси Саманта Лейтвайт ҳам борлиги ҳақидаги миш-мишларни урчитиб юборган.

Британия расмийлари ҳужумчилар орасида ўз фуқаролари борми-йўқлиги ҳақидаги саволларни очиқ қолдирмоқдалар.

Сешанба куни эрталаб Кения расмийлари савдо маркази ичида икки-уч ҳужумчи қолган бўлиши мумкинлиги ҳақида айтганлар.

Аввалроқ расмийлар "тозалаш амалиёти" мобайнида уч жангари ўлдирилиб, яна 10 нафари ҳибсга олинганини айтгандилар.

Сомалидаги "Аш-Шабаб" исломий гуруҳи Кения Қуролли Кучлари томонидан Сомалида ўтказган амалиётларига жавобан бу ҳужумларни амлга оширганлигини айтган.

Шанба куни туш пайти Westgate мажмуасига қуролли кишилар гранаталар улоқтириб, автоматлардан ўқ отиб кириб келишган.

Бу пайтда болалар байрами ўтказилаётгани боис, қурбонлар орасида кўплаб болалар борлиги хабар қилинади.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳужумчилар кофирларга қарши курашаётганларини таъкидлаб, мусулмонларга бинодан чиқиб кетишга рухсат беришган.

Ҳалок бўлган 62 кишидан 18 нафари хорижликлар экани маълум қилинган. Улар орасида Британия, Франса, Канада, Голландия, Австралия, Перу, Ҳиндистон, Гана, Хитой ва Жанубий Африка фуқаролари ҳам бор.

Бу мавзуда батафсилроқ