ББС Гаштак: Британия орзусида ёки меҳнат муҳожирлари ҳаётидан

Лондон кўпчилик учун оҳанграбога айланмоқда. Бироз олдин мен турк ресторанларидан бирида ошпаз ёрдамчиси бўлиб ишга кирдим. Аксарият хорижлик ёшлар Лондонга талаба визаси билан шу каби жойларда ишлаш учун келишади. Лекин уларга энг кам маош тўлаш билан бирга ишдан бўшатиш ва депортация доим хавф солиб туради.

Бизга соатига саккиз доллар тўлашар, менинг кўпгина ҳамкасбларим белгиланган соатдан кўпроқ ишлашарди. Уларнинг икки ёки учта иши бўлиб, бирини тугатибоқ бошқасини қилишга шошишарди. Кўп ишчиларнинг қонуний ишлашга ҳаққи йўқ, чунки кўпчилигининг виза муддати тугаб бўлган эди. Улар бошланғич инглиз тилида гаплашишарди (ҳатто баъзиларининг Англияга келганига 10 йилдан ошган бўлса ҳам).

Менинг Британияда туғилиб ўсган дўстларим ишлаш учун бошқа мамлакатларга жўнаб кетишди. Бу кузатиш учун қизиқ вазият эди: иқтисодий қийинчиликлар пайти одамлар яхши иш ҳақи илинжида бошқа мамлакатларга хижрат қилишади. Лондонда кўпгина оддий иш ўринлари, айниқса меҳмонхона тижоратидаги вазифаларни бугунги кунда Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиёдан келган муҳожирлар эгаллашган.

Мен қайтгач, алоҳида ётоқ хонасининг йўқлиги боис Ўзбекистондан келган муҳожирлар билан хона бўлишишимга тўғри келди.

Дастлаб келганимда улар мени меҳмоннавозлик билан кутиб олишди. Мен дарҳол улар оиласининг бир аъзосига айландим, тўғри баъзида ноқулайчиликни сезар, чунки уларнинг тилида яхши сўзлаша олмас эдим.

Менга ошхонада ўзим учун ажратилган қутини кўрсатишди ва хонани тозалаш тартибини тушунтиришди. Биз ҳар ҳафтада навбат билан хонани йиғиштирар эдик. Тозалаш жараёни жуда масъулиятли эди. Мен ошхона ва ҳаммомни йиғиштиришим, уйни чанг тозалагич билан тозалаб, полларни артишим керак эди. "Хонада ҳамма нарса доим тоза бўлиши керак",- деб айтишарди улар. Уйда овқат тайёрлаш бўйича ҳам маълум тартиб жорий этилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Виза мақоми Британияга ишлашга келувчилар учун муҳим аҳамиятга эга. У доимий чўзиб турилиши керак ва янги виза олинганда шахсий ғалаба сифатида катта хурсандчиликка сабаб бўларди. Дўстлар ва ҳамкасблар табриклагани ташриф буюришарди. Эсимда бор, бир куни ресторандаги дўстларимдан бири Британия Ички Ишлар вазирлигидан тўлиқ ишлаш ҳуқуқи берилган виза олди. Илгари у Британиянинг битта ташкилотида ишлаган бўлса, энди у кўпроқ пул ишлаш учун бошқа ресторанларда ҳам ишлаш имконига эга бўлганди. У шу қадар хурсанд эдики, кун бўйи кўкка тикилиб Худога шукрона айтди.

Мен хонадаги дўстларимга биринчи таништирилганимда, аввал исмим кейин виза мақомим айтилган эди, яъни айнан "муддатсиз виза эгаси" сифатида. Ресторан хўжайинига мен Британия паспортим борлигини айтганимда, дастлаб ишонмаганди. У мени паспортни сотиб олган деб ўйлади. Чунки унинг асосий ишчилари ресторанда ноқонуний ишлашарди. Меҳнат муҳожирлари ҳар доим ўзларининг ҳуқуқий мақомларини яхшилаш йўлларини қидиришарди. Ресторанда ишловчи дўстларимдан бири паспорт ҳақида бошқа қайғурмаслик учун Оврўпо Иттифоқига аъзо мамлакат фуқароси бўлган қизга уйланганди. Улар севишиб турмуш қуришмас, лекин виза олиш учун якдил мақсад уларни бирлаштирар эди. У қизга уйлангани учун пул тўлади, лекин улар бирга яшамас эди. Шундай бўлсада, қиз ўз хонасида йигитнинг баъзи нарсаларини Ички Ишлар вазирлигидан "оилавий ҳаётлари"ни текширишга келиб қолганда кўрсатиш учун сақлаб қўйганди.

Меҳнат муҳожирлари асосан ўзларининг она юртларидан келган одамлар билан гаплашар, улар билан ўзларини кўпроқ қулай ҳис қилишар эди. Менинг хонадошларим Лондонга келиб жуда диндор бўлиб қолишган эди. Улар ҳалол гўшт истеъмол қилишар, иш туфайли эрталаб ва кечқурун намоз ўқишар эди. Улар миллий таомларни тайёрлашар, шунингдек реасторанда ўрганган бошқа Оврўпо таомларини ҳам пишириб туришарди. Улар Британиянинг бошқа шаҳарларига паспортни кўрсатмай ҳам саёҳат қилишлари мумкин эди. Ёки музейларга бепул бориб ўзларининг маданий дунёқарашларини кенгайтиришар эди.

Муҳожирлар асосан автобусда юришар, айниқса улар кечқурун ишлаганларида фақат тунги автобусда уйга қайтишлари мумкин бўларди.

Улар ҳафтада икки марта чўмилишар, футбол ўйнашар, мамлакатларида кўп дўстлари орзу қиладиган халқаро ва Премьер Лига ўйинларини бориб томоша қилишар эди. Муҳожирлар Британиядаги озодликни ёқтиришарди. Ўзларига қандай маъқул бўлса, шундай кийинишлари мумкин эди. Бу айниқса аёлларга тегишли бўлиб, анъанавий узун кўйлак ўрнига эркинроқ кийина олишарди. Энг асосийси- улар бу ерда ўзларини хавфсиз ҳис қилишар ва ён-атрофда хавфсизлик тўлиқ таъминланишига ишонишарди.