Британиялик "оқ танли бева" Найробидаги ҳужумларда иштирок этганми?

Image caption Саманта Льютуэйт Лондон метросида ўзини портлатган Жермейн Линдсининг беваси бўлиб, "оқ танли бева" лақабини ҳам олган.

Баъзилар британиялик Саманта Льютуэйтни Westgate савдо марказидаги отишмада кўрганларини айтишган.

У 2005 йил 7 июлда Лондон метросида ўзини портлатган Жермейн Линдсининг беваси бўлиб, "оқ танли бева" лақабини ҳам олган.

Ўтган йили уни Кениядаги Мумбас сайёҳлар шаҳрида портлаш содир этишга уринганликда гумон қилишганди.

Бироқ уни илгари таниган кишилар Самантанинг айбдорлигига ишонгилари келмайди.

"Биз таниш бўлганимизда унинг шундай мураккаб террористик амалиётга қатнашиш салоҳияти борлигини билмаганман. Бу мени қўрқитади ҳам. Балки уни бунга мажбур қилишгандир? Кўп саволларга жавоб йўқ. Мен тасаввур қилолмайман ўша мен билган Саманта шу ишларни амалга оширганига. Бу амалиётда қатнашиш учун жуда тажрибали киши бўлиш керак",- деб айтади Эйлсбери шаҳри собиқ ҳокими Раж Хон.

Хўш, "Аш-Шабаб" ва унинг аъзолари, жумладан Саманта Льютуэйт халқаро терористик ташкилотларга қанчалик алоқадор?

Маълумотларга кўра, Аш-Шабаб таркибида америкалик, британиялик, скандинавия мамлакатлари ва бошқа давлат фуқаролари бор.

Таҳлилчилар ўз манбаларига таяниб айтишича, "Аш-Шабаб"га АҚШдан келувчи жангариларнинг доимий оқими мавжуд.

"Марказий Жосуслик хизмати ходимлари менга "Аш-Шабаб" таркибидаги америкалик жангариларнинг сонини анча қисқартиришга муваффақ бўлганларини гапириб беришди. Бироқ улар хориждан келиб қўшилаётган жангарилар оқимини бутунлай тўхтатишга қодир эмасликларини тан олишмоқда", деб айтади америкалик ёзувчи Жеймс Фергюсон.

Африка Иттифоқи аскарлари "Аш-Шабаб" кучларини Сомалининг асосий шаҳарларидан сиқиб чиқаряпти.

Жангарилар назорати остидаги ҳудуд аҳолиси эса исломийларнинг ўта қаттиққўл сиёсатидан норозидирлар.

Шунингдек жангарилар ҳали ҳам Кения чегарасидан ўтиб, ҳужум қилишга қодир.

"Аш-Шабаб" хориждан жангариларни ўзига чорлашда давом этмоқда.

Хавфсизлик ходимлари Найробидаги портлаш айбдорларини қидиришда давом этар экан, бошқа мамлакат хавфсизлик хизматлари, жумладан Британия ҳам ўзидаги маълумотлар орқали жавобсиз қолаётган саволларга жавоб топишга уринмоқда.

"Оқ танли бева"нинг Найробидаги ҳужумда иштирок этганлиги ҳақидаги маълумотлар эса ўз тасдиғини топганича йўқ.