Покистондаги зилзила оқибатида 300 дан зиёд инсон ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Аваран туманида деярли барча уйлар вайрон бўлган.

Покистон жануби-ғарбидаги Балужистон вилояти расмийларига кўра, кучли зилзила оқибатида 300 дан ортиқ инсон ҳалок бўлгани аниқланган, қурбонлар сони янада кўп бўлиши мумкин, дейишган.

Зилзила эпицентри Белужистоннинг тоғли Аваран туманида ер сатҳидан 20 километр чуқурликда бўлгани хабар қилинган.

Ер қимирлаши шунчалик кучли бўлганки, силкиниш Карочи, Ҳайдаробод ва Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ҳам сезилган.

Зилзиладан кейин Покистоннинг денгиз соҳилидаги Гвадар шаҳри ёнида янги орол пайдо бўлган.

Одамлар узунлиги 200 метр, эни 100, чуқурлиги 20 метр экани айтилган янги оролни кўриш учун йиғилишган.

Аваран туманида деярли барча уйлар вайрон бўлган, одамлар тунни кўчада ўтказганлар.

Би-би-си мухбирининг айтишича, бу жойларда фақат маъмурий бинолар бетондан, бошқа ҳамма уйлар пахсадан қурилган.

Аваран расмийлари бутун бошли қишлоқлар ер билан яксон бўлди, демоқдалар. Айниқса Лабаҳ қишлоғи кучли зарар кўргани айтилмоқда.

Маҳаллий ҳукумат вакиллари чекка туманларга вайронагарчиликлар сабабли етиб бориш қийин кечмоқда.

Балужистон ҳокимлиги матбуот воизи Жон Буледийнинг билдиришича, Аваран тумани ва атрофидаги катта зарар кўрган туманларда ўлганлар сони ортиши мумкин. Камида 340 инсон яралангани маълум бўлган.

"Биз тиббий воситаларга жуда муҳтожмиз. Касалхоналарда ярадорлар учун жой етмаяпти", деб айтган у.

Жаноб Буледийнинг айтишича, оғир ярадорлар тикучарларда Карачи шаҳрига олиб кетилган, қолганлари қўшни туманларга жойлаштирилмоқда.

Белужистонда жангари гуруҳларга қарши ҳукумат кучлари аввалдан бўлгани боис, қутқарув ишларига ҳарбийлар биринчи бўлиб жалб қилинган.

Шунингдек ҳукумат марказ Кветтадан қўшимча 200 дан ортиқ ҳарбийлар, тиббий мутахассислар ва чодирларни жабрланган туманларга жўнатган, бироқ тоғ шароити қутқарув ишларини мураккаблаштирмоқда.

Покистоннинг Балужистон вилояти сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади.

Ушбу минтақада апрел ойида рўй берган ер қимирлаши оқибатида 35 инсон нобуд бўлган эди.