Эрон тез орада ядровий дастури бўйича келишувга эришишни истайди

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрон ядровий дастури юзасидан дунё ҳамжамияти билан 3-6 ичида келишувга эришиш истагини баён қилган.

Президент Вашингтон Пост газетасига берган суҳбатида ушбу масалага оид резолюцияни АҚШ-Эрон муносабатларини юмшатиш йўлидаги бошланғич нуқта сифатида кўришини айтган.

Руҳоний жанобларига кўра, ядровий дастур бўйича музокара олиб бориш учун унга Эрон руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Хомание тўла ваколат берган.

Пайшанба куни Эрон БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Қўшма Штатлар, Олмония, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой билан Теҳроннинг уранни тўйинтириш дастурини мубоҳаса этади.

Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф Ню Йоркда Америка Давлат котиби Жон Керри ва юқорида тилга олинган давлатлар дипломатлари билан учрашади.

АҚШ ва Эрон расмийлари учрашувлари ўта камдан-кам кузатилади.

Президент Руҳоний Ню Йоркка БМТ Бош ассамблеяси навбатдаги сессиясида иштирок учун борган. Ва Америка матбуотида қатор интервюлар бермоқда.

Эрон ахборот воситалари Си Эн Энни Холокост ҳақидаги саволга жавобини "бузиб талқин қилиш"да айблаган.

Музокаралар

"Яқин йиллар ядровий дастур бўйича музокарачилар гуруҳи дунёнинг кўп қисмини айланиб чиқишди.

Ҳавода йўл босишни ҳисобга олмаса, улар қарийб ҳеч нарсага эришганлари йўқ.

Дипломатлар Женева, Истанбул, Бағдод, Москва ва Олма отада музокаралар олиб бордилар. Энг охиргиси 2013 йил Қозоғистоннинг энг йирик шаҳрида бўлиб ўтди.

Ядровий дастур бўйича мулоқотларни ҳақиқий музокараларга ўхшатиш мушкул бўлди. Очиқроқ айтадиган бўлсак, уларни кўпроқ бир хил монологларга ўхшатиш мумкин.

Аммо, БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Қўшма Штатлар, Олмония, Буюк Британия, Франция, Россия ва Хитой Эрон янги ҳайъати билан учрашиши кутилмоқда.

Янги тайинланган Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф Саид Жалилийнинг ўрнига бош музокарачи вазифасини ўтайди.

Жаноб Зариф тўғридан-тўғри ўзи ҳам ядровий дастур бўйича собиқ музокарачи бўлган Ҳасан Руҳонийга ҳисоб беради", дейди Би-би-сининг Эрон бўйича мухбири Жеймс Рейнолдс.