Озчиликнинг қудрати ёки Алавийлар ким ўзи?

Алавийларнинг тарихи 16-аср бошларига бориб тақалади. Айтилишича, Усмонийларнинг энг муҳим шаҳарларидан бўлмиш Ҳалабга бир гуруҳ алавий уламолар таклиф қилинган.

Улар Ҳалабдаги сунний мусулмон раҳбарлар билан музокарага келганлар. Бироқ бу қопқон эди. Алавий уламолар кишанларга солиниб, бошларидан жудо қилинганлар. Шундай экан, алавийлар орасидаги таъқиб васвасаси узоқ ўтмишга бориб тақалади.

"Жаҳоннинг келгуси қатлиоми алавийларга қарши бўлиши хавфини инкор қилиб бўлмайди," - дейди Питер Галбрейт. У АҚШ конгрессига Сурия борасида маслаҳатлар беради. Унинг айтишича, эски қўрқувлар бугунги замонга ҳам тааллуқли.

"Бугунги вазиятнинг моҳияти шуки, кўпчиликнинг кўзига бу гуруҳ нафрат уйғотадиган режимга боғлиқликда кўрилади, бу режимнинг қўли қонга беланган. Исломий ва анъанадор гуруҳлар алавийларни кофирлар, ҳатто яҳудий ва насронийлардан ҳам ёмон, Худодан қайтган гуруҳ дея, уларни фақат ўлимга лойиқ деб кўради. Шундай экан, алавийларнинг қирилиш хавфи мавжуд," - дейди у.

Хавф мавжудлиги аён. Лекин, аввало, алавийлар ким ўзи? Улар маданий гуруҳми, ёки этник ё диний? Алавийлар ўзларини мусулмон ҳисоблашади, янада аниқроқ айтсак, улар ўзларини шиа мусулмон деб билишади. Лекин, улар, масалан, ўзларининг Эронлик иттифоқчиларидан фарқ қилади.

Алавийларнинг дини ғайриоддий жиҳатларга эга. Алавийлар одатда масжидда ибодат қилмайдилар, аёллари эса ҳижоб ўрамайдилар. Уларнинг эътиқодини тасвирловчи яширин, муқаддас китоблари шайхлар қўллари остида сақланади. Улар реинкарнация, яъни инсоннинг қайта ҳаётга қайтишига ишонадилар.

Анъанавий мусулмонлар учун бу жиҳатлар шу қадар номақбулки, улар Исломда алавийларга умуман жой йўқ деб билишади. Оклахома университети профессори Жошуа Ландис Сурия бўйича Ғарбдаги энг аҳамиятли мутахассислардан бири. Ўзи ҳам алавий аёлга уйланган профессор бутун умрини Сурияни тадқиқ қилишга бағишлаган.

Image caption Суриядаги жангларда 60 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, бироқ урушнинг охири кўринмайди

"Америкада черков ва давлат айри ҳисобланади, ва қайси дин ҳақида қандай фикрда бўлишингизга қарамай, қонун қаршисида ҳамма тенг. Лекин, Сурияда аҳвол бошқа. Мусулмон эмас экансиз, жамиятда сизга ўрин йўқ. "

Бошқа дин вакили алавийликка қабул қилиниши мумкинми?

"Йўқ, қабул қилинмайди. Бу ёпиқ дин. Ҳатто алавий оиласида туғилган одамлар ҳам расмий тарзда алавий динига қабул қилинишлари керак. Бу махфий дин. Шайхлар қўлида сақланадиган яширин китобни ўқишни истаган истаган 15 ёшли эркак ўсмир махсус синов ва маросимлардан ўтади. Лекин одатда улар учта дарс олиб, охиригача қолишмайди. Шунинг учун ҳам алавийлар орасида ўз динини чуқур ўрганган одамлар жуда кам," - дейди у.

Эркакнинг жазоси

Алавий аёлларининг ўз дини ҳақидаги билими унданда саёз. Улар ўз сунний қўшниларидан кўра, кўпроқ ижтимоий эркинликлардан баҳраманд бўлсаларда, чегаралар бор. Надия Насиф мухолифатчи фаол, у ҳозирда хорижда яшайди.

"Фақат алавий эркакларга дин ҳақида таълим олишга рухсат берилади. Умуман олганда, алавий оилалар ва алавий эркаклар аёлларга яхши муносабат қилишади, лекин динига чуқурроқ назар ташласангиз, аёлларга иккинчи даражали инсонлар деб қаралиши аён бўлади. Мисол келтирай. Алавийлар инсоннинг қайта ҳаётга қайтишига ишонадилар. Уларга кўра, агар эркак ўз умри давомида гуноҳ қилса, келгуси ҳаётда аёл бўлиб ерга қайтади. Яъни, бу Худо берган жазо бўлади."

Агар аёл киши кўп савоб қилса, гуноҳсиз яшаса, эркак бўлиб қайтадими?

"Йўқ, ҳеч қачон. Чунки аёл эркакдан паст ҳисобланади, ва ҳеч қачон юқори даражага кўтарилмайди," - дейди у.

Бу жуда қизиқ. Динда алавий аёллар паст кўрилади деяпсиз, лекин кундалик ҳаётда алавий аёллар Суриядаги сунний мусулмон аёллардан кўра кўпроқ ҳуқуқлар ва имкониятларга эгалар.

"Ҳа, мен бу фикрга қўшиламан. Лекин, устки қатламни қиртишлаб кўрсангиз, эски анъаналарни топасиз. Улар сиз ўйлаганчалик очиқ табиатли эмас. Аёлларнинг эркинлиги эса иқтисодга боғлиқ. Чунки алавий тоғларида қашшоқлик кўп, шунинг учун аёллар таҳсил олиб, иш топишлари муҳим саналади."

Алавийлар ўзларини дунёвий ва нисбатан либерал деб билишади. Улар орасида спиртли ичимлик ичиш одатий ҳол. Таъкидлаш жоизки, кўп ҳолларда алавийлар ва суннийлар ёнма-ён, тинч яшаб келганлар. Лекин ёнма-ён дегани, бирга яшаш дегани эмас.

Икки гуруҳнинг фарқлари сақланиб, ҳимоя қилиниб келинган. Сурияда алавийлар аҳолининг 12 фоизини ташкил қилади. Лекин ўтган 50 йил ичида улар сиёсий тизимни назорат қилиб келишмоқда.

Ассад оиласи бошчилик қилган алавий элитаси олтин асрни бошдан кечириб келди. Лекин икки ярим йилки давом этаётган уруш ва 60 мингдан ошиқ талафотлар ортидан, алавийлар ҳукмронлиги ниҳоясига етаётган бўлиши мумкинми?

Сурия армияси ва асосан алавийлардан ташкил топган Шабиҳа жангчилари ўта қонли зўравонликларни амалга оширдилар, бироқ ғалабага эришмадилар. Алавийлар ал-Қоидага боғлиқ мухолиф жангари гуруҳларнинг ўсишидан хавотирдалар. Алавийлар исломчилар қўлида буткул қирилиб кетишларидан қўрқишмоқда.

Фатво

Бугун нималар бўлаётганини англаб етиш учун, бир неча асрлик тарихга юзланиш лозим. Алавийлар ўзларини таниганидан бери таъқиб остида бўлишган. Улар бугунги Ливан ва Туркия жануби ўртасида, Ўрта ер денгизи қирғоғидаги унумсиз ерларда бошпана топиб, қудратли сунний мусулмонлар кўзидан йироқ юришга уринганлар.

Суннийлар фикрида, асрлар аввал сотқин алавийлар Қуддусга бостириб келган салбчиларга ёрдам берганлар. 14-асрда яшаган уламо Ибн Таймир фатвосида бундай ёзилган. Дарвоқе, у қўллаган "нусайрилар" сўзи бугунда сўкиниш ҳисобланади.

"Нусайрилар яҳудий ва насронийлардан ҳам кўра ёмон кофир ҳисобланади. Улар Муҳаммадга турклар ва салблардан ҳам кўра кўпроқ шикаст етказганлар. Шариатга биноан уларни жазолаш ҳар бир мусулмоннинг бурчи, ва савоб ишдир."

Image caption Суратда собиқ Сурия Президенти Ҳофиз ал-Ассад рафиқаси Анисса фарзандлари билан (чапдан ўнгга) Моҳир, Башар, Бассил (1994 йилда автоҳалокатда ўлган), Мажид ва Бушра.

Бу фатво ортидан қирғин бошланди, хусусан Ҳалабда алавий уламолар ёппасига бошлари танасидан жудо қилинди. Хўш, алавийлар қандай қилиб таъқиб остидаги озчиликдан Суриянинг энг қудратли ҳукмдорларига айландилар?

12-асрда уларга омад кулиб боқа бошлади. Биринчи Жаҳон урушидан кейин бугун Ливан ва Сурия ҳисобланган ерлар энди Усмонийлардан озод бўлиб, янги мустамлакачи қўлига тушди.

Мустамлакачилар стратегияси

Парижнинг Левант сиёсати ўта радикал ва мураккаб эди. Франция бешта алоҳида давлатни яратди. Улардан бири Алавийлар давлати эди. У қисқа муддат ичида ҳатто ўз байроғига эга бўлиб, ривожлана бошлади.

Британия ва Франция 1918 йилда Яқин Шарқнинг харитасини қайта чиздилар. Мустамлакачилар кўпчиликка қарши айнан озчиликларга кўп қудрат бердилар, чунки бу уларнинг империалист таъсири сақланиб қолишига ёрдам берарди.

Суриянинг 1946 йилда мустақилликка эришиши Алавийларнинг истиқлолига якун ясади. Бироқ айни дамда у алавийлар учун имкониятларни яратди. Улар қашшоқ алавий тоғларини тарк этиб, барқарор маошли Сурия армиясига ёлландилар.

Аввалига Сурия армиясининг пастки табақасида бўлган Алавийлар 1955 йилга келиб, аскарларнинг 65 фоизини ташкил қилишди. Армияни эгаллаб олиш билан, улар давлатни ҳам эгаллашди.

1970 йилда Алавий зобит Ҳофиз Ассад давлат бошига келиб, Ассад сулоласига асос солди. Заиф табақа энди ҳукмрон табақага айланди. Ҳофиз Ассаднинг бошқарув усули ўта оқилона усул эди. У друзлар ва насронийлар каби бошқа озчиликларга юзланиб, "Мен билан бўлсаларинг, Суннийлар сенларга таҳдид қила олмайди" деб ишонтирди.

Image caption Дамашқ ташқарисида амалга оширилган кимёвий ҳужумда юзлаб одамлар ҳалок бўлиши ортидан, Сурия ҳукуматига халқаро босим ортди

Ўз навбатида у Суннийларга иқтисодий эркинлик бериб, эвазига уларнинг садоқатига эришди.

Ҳофиз ал Ассаднинг ўғли, бугунги президент Башар ал Ассаднинг сунний аёлга уйланиши ҳам ана шу тактиканинг исботи деб кўрилади.

Мафкуравий масалага келганда эса, Ассад алавийларни озчилик ё кофирлар эмас, балки Сурияликлар ва араблар дея тақдим қилди. У "Суннийлар, бизга адоватингизни йиғиштиринг, ахир бир миллат вакилларимиз" дегандек эди.

Бироқ, Ассад оиласи миллий хавфсизлик ва ички ишлар каби аҳамиятли лавозимларни фақат алавийларга бўлиб берди. Суннийларга бўлган ишончсизлик йўқолмади.

Би-би-си бу дастурни тайёрлашда кўплаб алавий мулозимларга мурожаат қилди, бироқ уларнинг бари алавийларнинг мазҳабий шахсиятига назар ташловчи радиодастурда иштирок этмаймиз дея бош тортишди.

Алавийлар бугунда Сурияда давом этаётган уруш мазҳабий эмаслигига урғу беришади.

Бироқ 1982 йилда Ҳама шаҳридаги сунний Мусулмон Биродарлари кўтарган ғалаён Ҳофиз ал Ассад армияси томонидан ўта шафқатсизларча бостирилиши ва баъзи ҳисобларга кўра, 10 ва 20 минг орасида одам қириб ташлангани кўпларнинг хотирасидан ўчмаган.

Алавийлар суннийларнинг ўч олишидан хавотирда. Президент Башар ал Ассад кўплар ўйлаганидан анча узоқ муддат қудратни ушлаб тура олди. Бироқ бу яна қанча давом этиши мумкин?

Алавийлар бутун мамлакатни бундан буёғига ҳам бошқара оладими? Ёки қўшни Ливанда бўлганидек, йиллар оша турли дин ва мазҳаблар жанг қилиб, ҳеч бири ғалабага эришолмайди?