Жаҳон БМТнинг Сурия бўйича резолюциясини қувватламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

БМТнинг жума кунги резолюцияси Сурияда фуқаролар уруши бошлангандан буён қабул қилган илк юридик ҳужжати ҳисобланади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун резолюцияни Сурия ҳақида умид берувчи янгилик деб айтган.

Олдинроқ резолюция лойиҳасини АҚШ ва Россия тасдиқлаган ва Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ҳукмига тақдим этилган эди.

Резолюция Суриядаги кимёвий қурол заҳираларини йўқ қилиш ва халқаро назоратчиларнинг мамлакатда текшириш ўтказишларига имкон яратиб бериш мажбуриятини юклайди.

Шу билан резолюцияда қўйилган талаблар бажарилмаган тақдирда куч ишлатиш кўзда тутилмайди.

Бунинг учун Хавфсизлик Кенгашининг янги резолюциясини қабул қилиш лозим бўлади.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрига кўра, БМТ "дипломатиянинг имкониятларини намоён этиб, урушнинг қалтис масалаларини, қирғин қуролларини йўқотишни тинч йўл билан ҳал қилишни кўрсата олди.

Шунингдек бу ҳужжат БМТ тарихида илк бор кимёвий қуролни тўлиқ йўқотиб ташлашни кўзда тутган резолюция бўлгани билан аҳамиятлидир.

АҚШ Президенти Барак Обама резолюцияни "халқаро ҳамжамиятнинг улкан ютуғи" деб баҳолаган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурия масаласида олдинги барча уринишлари доимий аъзоларнинг бир тўхтамга келолмагани оқибатида самарасиз тугаган.

АҚШ, Британия ва Франция резолюцияда Башар ал Ассад тузумига қарши куч ишлатиш банди бўлишини ёқлаб чиққан, Россия ва Хитой эса бунга қарши чиқиб вето қўйганди.

Сурияда куч ишлатиш кўзда тутилмайди

Хавфсизлик кенгаши аъзолари кимёвий қурол бўйича резолюция лойиҳаси билан икки ҳафта мобайнида танишдилар.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров резолюция лойиҳасида Сурияга қарши ҳарбий аралашув бўлмаслигини билдирган.

Шунингдек, ҳужжатда Сурияда кимёвий қурол ишлатилгани қораланади, лекин қайси томон айбдорлигини урғуламайди.

Россия ва АҚШ вакиллари Суриядаги кимёвий қурол заҳирасига талуқли лойиҳа бўйича ҳам келишганлар.

Айни пайтда Сурия 1000 тонна кимёвий қурол заҳирасига эга деб кўрилади.

Сурия Президенти Россия таклиф этган режага биноан кимёвий қуролни халқаро назорат остига топширишга розилик берган. Бироқ унинг йўқ қилиниши учун камида бир йил кераклигини Американинг Fох News телеканалига берган интервьюсида таъкидлаган.

Душанба куни Сурияга борган БМТнинг назоратчилари текширувларини тугатишлари лозим.

Бундан сўнг кимёвий қурол заҳираларини йўқ қилиш устида мутахассислар гуруҳи иш бошлайди.

Бироқ Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти Суриядаги каби катта миқёсдаги вазифани илгари бажармагани боис, уларга қўшимча мутахассис ва молиявий ёрдам керак бўлиши айтилмоқда.

Британия Ташқи Ишлар вазири Уилям Хейг Лондон Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг Сурияга фондига 3 млн доллар ўтказилишини маълум қилган.

Олдинроқ БМТ назоратчилари Сурияда зарин заҳарли моддаси ишлатилгани ҳақида хулоса билдиришганди.

Сурия можаросидаги томонлар бир-бирини тинч аҳолига нисбатан кимёвий қурол қўллаганликда айблаб келади.