Би-би-си текшируви: Жангарилар дўконни ижарага олиб қурол-яроғ ғамлаган

  • 27 Сентябр 2013
Image caption Найробидаги савдо марказини жангарилар тўрт кун ишғол қилиб турдилар.

Би-би-си ўтказган ўз текширувида Кения пойтахти Найробидаги Westgate савдо марказига ҳужумни жангарилар қандай режалаштиргани ва амалга оширганлари, коррупция муҳити ушбу ҳужумлар рўй беришига қандай қилиб йўл очгани тафсилотини ўрганишга муваффақ бўлди.

Кения парламентининг Мудофаа қўмитаси раиси Ндунгу Гесенжи мамлакат истиғборот ва хавфсизлик хизматлари раҳбарларидан парламент олдида ҳисобот беришларини талаб қилди.

Раҳбарлар 30 сентябр душанба куни парламент аъзолари олдида нега ушбу ҳужумлар рўй берди, нега бу хизматлар исломий жангарилар ҳужуми олдини олиб қололмадилар, деган саволларга жавоб беришлари талаб қилинмоқда.

Парламент Мудофаа қўмитаси раҳбари Ндунгу Гесенжининг Би-би-сига айтишича, "одамлар хавфсизлик тизимларининг қайси хатолари бу ҳодисаларни рўй беришига йўл очганини билишни истайдилар".

Шунингдек, жаноб Гесенжи "қутқарув амалиётларининг анатомиясини тушунишни" хоҳлашини айтган.

Image caption Хавфсизлик учун Кениянинг қайси тизими масъуллиги борасида тушунмовчилик юзага келди.

Чунки тарқалган гап-сўзларга кўра, Westgate савдо марказига "Аш-Шабаб" қуроллилари ҳужум қилиб, одамларни гаровга олганларидан кейинги вазиятда Кения ҳукуматидаги қайси ташкилот масъуллиги борасидаги тушунмовчилик юзага келган.

Би-би-сининг юқори хавфсизлик манбасидан аниқлашича, савдо маркази гаровга олинишидан бир неча ҳафта олдин исломий жангарилар бу ердаги дўконлардан бирини ижарага олганлар.

Бу нарса уларга Westgate савдо марказининг хизмат лифтларидан фойдаланишларига изн берган.

Ва жангарилар бу лифтлардан фойдаланиб қурол-яроғини савдо маркази ичида жамғарганлар.

Дўконни ижрага олиш учун сохта шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этганлар.

Би-би-си ўзининг журналистик текшируви натижасида ҳужум қандай бошлангани манзарасини ҳам аниқлаган.

Исломий экстремистларни икки автомобил савдо маркази эшиги олдида қолдириб кетган.

Кейин улар ичкарига кириб ўт очишни бошлаганлар.

Image caption 4 қаватли Westgate савдо марказида жангарилар бир дўконни ижарага олганлар.

Бизнинг тушунишимизча, жангарилар савдо марказининг иккинчи қаватидаги вентиляция шахтасини ўзларининг базасига айлантирганлар.

Олдиндан қурол-яроғни ҳар ер-ҳар ерда йиғиб қўйганлари уларга тезда ўқи тугаган қуролини қайта ўқлашлари ва Кения хавфсизлик кучларининг ҳужумларини бартараф этишларига имконият яратган.

Хавфсизлик манбалари шанба куни кечқурун жангарилар ўзларининг амалиёти йўналишини ўзгартирганларини тасдиқладилар.

Қутқарув амалиётлари полициядан ҳарбийлар ихтиёрига ўтганидан бохабар бўлган жангарилар оғир қуроллардан фойдаланиб, ҳужумларни қайтаришга ўтганлар.

Қуроллиларнинг шахси борасида ҳам турли даъволар илгари сурилди.

Бироқ бу даъволарнинг бирортаси ҳам тасдиқлангани йўқ.

Бироқ бугун Би-би-си билан телефон орқали суҳбатда "Аш-Шабаб"нинг юқори манбаларидан бири, ҳужумчиларнинг ҳақиқий исми-шарифини эълон қилмаймиз, деб айтди.

Бу мавзуда батафсилроқ