Нигерияда жангарилар ухлаб ётган талабаларни отиб ташлашган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қонли ҳодиса талабалар ухлаб ётган пайтда содир этилган.

Нигериянинг "Боко Ҳарам" исломий гуруҳи Қишлоқ хўжалик коллежи ётоқхонасига бостириб кириб, камида 50 талабани отиб ташлаган.

Университет раҳбарлари айтишича, қуролли кишилар ўқув хоналарига қарата ҳам ўқ узиб, ёқиб юборишган.

Мамлакатнинг шимолий Йобе вилоятида жойлашган ётоқхонада қонли ҳодиса талабалар ухлаб ётган вақт содир этилган.

Хабарларга кўра, 1000 га яқин талаба бинодан қочиб чиққан.

Жангариларнинг ушбу ҳужумдан мақсади ноаниқ, қурбонлар сони ҳам ортиши мумкинлиги айтилмоқда.

Май ойида жангариларнинг қатор ҳужумлари орқасидан Нигерия Президенти Гудлак Жонатан Боко Ҳарамга қарши ҳарбий амалиётлар эълон қилганди.

Боко Ҳарам мактабларга Ғарб маданияти рамзи сифатида қарайди. Ташкилот номи ҳам "Ғарб таълими ҳаромдир" деган маънони англатади.

2002 йил тузилган "Боко Ҳарам" ташкилоти Нигерияда шариат қонунлари жорий этилиши учун курашиб келади.

Жангарилар бундан олдин ҳам бир неча бор мактаб ва университетларга ҳужум уюштириб, талабаларни ўлдириб кетган.

Майдагури туманидаги мактабда 10 талаба, Даматуруда эча 13 талаба ва ўқитувчилар ўлдирилган эди.

Июл ойида Мамуду қишлоғига исломийлар ҳужуми оқибатида асосан талабалардан иборат 42 киши ҳалок бўлган.

"Боко Ҳарам"га Абубакр Шайх раҳбарлик қилади. Нигерия ҳарбийлари уни олдинги отишмаларда ўлдирилганини тахмин қилишган эди.

Бироқ ўтган ҳафтада эълон қилинган видеода Абубакр Шайхнинг ўзи кўринган.

Олдин ҳам унинг ўлими ҳақида чиққан хабарлар тасдиқланмаган.