‘Ичкилик ёш билмайдиган аҳволга етиб қолдик’

Image caption Британияда ичкиликбозлик балоғатга етмаганлар орасида ҳам ортиб бормоқда

Би-би-си томонидан олиб борилган сўнгги тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, ўтган йили Британияда ичкиликни хурмачасидан ошириб юборганлик ташхиси билан 300 га яқин бола шифохонага келтирилган.

Улар орасида, ҳатто, 11 ёшда бўлганларининг ҳам борликлари айтилмоқда.

Маҳаллий масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳозир спиртли ичимликлар ичиш бобида қизлар ўғил болаларни ортда қолдиришмоқда.

Жамғармалар ва давлат соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, шунда ҳам, спиртли ичимлик ичаётган болаларнинг сони кўп эмас, деган фикрдалар.

Аммо, уларга кўра, болаларнинг орасида ичкиликка рўжу қўяётганларининг сони кўп.

Бунга “Буюк Британия Спитрли Ичимликлар ва Саломатлик Иттифоқи” раиси профессор Ян Гилморнинг сўзлари ҳам далолат қилади.

“Менимча, 11 ёшдан кичик бўлган болалар асосан ичкиликни татиб кўришмоқда. Бироқ 11 ёшдан 16 ёшгача бўлганлари ичишни одат қилишни бошлашяпти”, дейди у.

Агар, рақамларга қаралса, ўтган беш йил ичида 18 ёшгача бўлганлар орасида юз берган 50 мингга яқин бахтсиз ҳодисага спиртли ичимликлар ёки бангивор моддалар сабаб бўлган.

Ўтган бир йил оралиғида эса, 11 ёки ундан катта ёшда бўлган уч юзга яин бола спиртли ичимликлар асоратлари билан шифохонага келтирилган.

“Ичкиликдан огоҳлик” мустақил жамғармаси ижроий раҳбари Элейн Ҳиндэл 11 ёшгача бўлган болалар орасида ҳам ичиш ҳолларининг кузатилаётгани ўта хавотирли эканини айтаркан, уларнинг ота-оналари ҳушёр бўлишлари шарт, дейди.

“Қуш уясида кўрганини қилади”ми?

Агар, Ҳилэн хонимнинг сўзларига қаралса, ичкиликка рўжу қўяётган болаларнинг дўкондан спиртли ичимлик сотиб олиш эҳтимоли жуда кам.

“Биз ўз тадқиқотларимиз жараёнида болаларнинг ўзлари билан ҳам сўзлашамиз. Уларнинг айтишларича, ичкиликни ўз уйларидан, ота-оналари ёки дўстларидан олишаркан”, дейди у.

Агар, масъулларнинг ўз ҳисоб-китобларига қаралса, вояга етмаган ичкиликбозлар ҳар тўрттадан биттаси ҳафтасига қарийб 4 литр спиртли ичимлик истеъмол қилади.

Умуман олганда ўтган йили бир миллиондан ортиқ британиялик ичиб, шифохонага тушган.

Улардан аксарияти эса, хурмачасидан чиққунча ичишган.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, ичкиликбозларга тиббий ёрдам кўрсатиш Британия давлат соғлиқни сақлаш тизимига йилига оз эмас, кўп эмас – нақ 3.5 миллиард фунт стерлингга тушади.

Бу мавзуда батафсилроқ