Бағдодда ҳалокатли бомба ҳужумлари ўнлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди

  • 30 Сентябр 2013
Image caption Портлашлар асосан аҳоли гавжум бўлган жойларда юз берган

Ироқлик давлат расмийларига кўра, пойтахт Бағдодда юз берган қатор машина портлашлари натижасида камида 36 нафар инсон ҳалок бўлган ва 100 нафардан ортиқ одам жароҳат олган.

Полициянинг айтишича, портлашларда шаҳарнинг асосан шиа мусулмонлари яшовчи бозорлари ва автопарклари нишонга олинган.

Ироқда яқинда мазҳабий урушлар қайтадан ўт олган ва аҳоли орасида 2008 йилги қонли воқеалар такрорланиши мумкин деган хавотирлар кучайган.

Якшанба куни содир этилган қатор ҳужумларда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлганди.

Душанба кунги портлашлар эса Бағдод аҳолиси ишга бораётган пайтда юз берган.

Хабарларга кўра, асосан шиалар яшовчи мавзеларда эрталабки соат тўққизда 12 бор бомба портлаган.

Энг ҳалокатли ҳужумлардан бири Бағдод шарқида жойлашган Садр Ситида юз бергани хабар қилинади.

Садр Ситидаги кўкат бозорида етти нафар инсон ҳалок бўлган ва 75 нафар инсон жароҳат олган.

Якшанба куни Бағдод жанубидаги шиалар масжидида худкуш ҳужумчи ўзини портлатиб юбориши оқибатида камида 25 инсон қурбон бўлганди.

Ироқнинг мухтор вилояти ҳисобланган Курдистоннинг маркази - Ибрил шаҳрида эса айни кунда қатор портлашлар амалга оширилиши натижасида хавфсизлик мулозимларидан олти нафари ҳалок бўлган.

Расмийларга кўра, зўравонликлар Сурияда жиҳодчилар ва курдлар ўртасида кечаётган жангларга боғлиқ бўлиши мумкин.

Душанба кунги ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган.

Якшанба кунги зўравонликлар учун сунний исёнчилари айбланган эди.

Шу йил бошидан буён Ироқда 4,500 нафардан кўпроқ инсон ўлдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ