Хайр, АҚШ паспорти ёки менга Америка фуқаролиги керак эмас

Image caption Cолиқ тўғрисидаги янги қонун америкаликларни ўзга диёр фуқаролигини қабул қилишга ундамоқда

Агар, расмий маълумотларга қаралса, жорий йилда Америка фуқаролигидан воз кечган инсонларнинг сони “осмонга сапчиб кетган”.

Дейлик, ўтган йилнинг худди шу чорагида 189 та киши Америка паспорти билан хайр-хушлашган бўлса, бу йил мингдан ортиқ америкалик ўзга мамлакат фуқаролигини ихтиёр этган.

Агар, четдаги америкаликларнинг сони 6 миллион экани назарда тутилса, бу кичик рақам ҳам бўлиб туюлиши мумкин.

Аммо ўсиш суръатининг қанчалик жадал экани кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортмоқда.

Аён бўлишича, асосан хорижда яшаб, ишлаётган америкаликлар орасида бу каби “радикал” қадамга бораётганларнинг сони кўпчиликни ташкил қилади.

Уларни ўз фуқароликларини ўзгартиришга ундаётган асосий омил эса, Солиқ тўғрисидаги янги қонун экан.

Гап нимада?

Америка паспортидан воз кечган фуқароларининг расмий рўйхатини тақдим этган масъул идоралар бунинг сабабини изоҳлашмаган.

Аммо, ўзга мамлакат фуқаролигини ихтиёр этган америкаликларнинг ўз сўзларига қулоқ тутилса, “ҳамма бало” солиқда.

Америкада келаси йилнинг 1 июлидан бошлаб хориждаги банк ҳисобларидан олинувчи солиқлар тўғрисидаги янги қонун кучга киради.

Янги қонунга мувофиқ, дунёнинг барча молиявий идоралари ҳисобида 50.000 АҚШ доллари бўлган америкалик ҳақида АҚШ Ички Солиқлар Идораси(IRS)га тўғридан-тўғри ҳисоб беришлари шарт бўлади.

Агар, итоат этишмаса, Америка бу каби банкларнинг дивидентлари ва фойдаларининг 30 фоизини ушлаб қолади.

Америкалик масъулларга кўра, четдаги фуқаролари тўламай келаётган солиқ миқдори йилига 100 миллиард долларни ташкил қилади ва шу йўл билан улардан қарзларини ундириб олишмоқчи.

Яъни, бошқа мамлакатлардан фарқли тарзда, АҚШда нафақат мамлакатнинг ўзида яшовчи, балки четдаги америкаликлар ҳам солиққа тортилишади.

“Қўрқинчли тушга ўхшайди”

Солиқ тўғрисидаги янги қонун четдаги айрим америкаликларни уйқудан уйғотиб юбориш даражасида таъсирга эга бўлибди.

Уларнинг шу пайтгача FBAR деб аталувчи форма орқали ўз даромадлари ва банк ҳисоблари ҳақида маълумот беришларини кўзда тутилган.

Аммо кўпчилик йўлини қилиб, ундан қочиб юрган.

Янги қонун эса, уларни ҳушёр торттирмай қўймаган.

Чунки америкалик солиқ масъуллари энди четдаги фуқароларининг молиявий аҳволлари ҳақида кўп нарсадан хабардор бўлишади.

Четдаги америкаликлар ҳам буни англаб, солиқ тўлашмаса, катта миқдорда жаримага тортилишларини билишади.

Масъуллар янги қонунчиликдан мақсад – фуқароларидан қарзларини ундириб олиш эканини даъво қилишмоқда.

Бироқ, янги ташаббус танқидчиларига кўра, уларнинг бадавлат америкаликларни солиққа тортиш ҳаракатлари деб, оддий одамлар ташвишга қолишади.

Лозим ҳужжатбозликларни деб уларнинг озмунча пулларию вақтлари кетмайди.

Аён бўлишича, ҳозир янги қонун четдаги америкаликлар суҳбатларининг асосий мавзусига айланган.

Бунинг қандай чорасини топишни ўйлаб, Америкадаги ҳимоячиларининг ҳам бошлари қотган.

Бироқ АҚШ Молия вазирлиги янги қонундан воз кечмаслик аҳдида қатъий турибди.