Қариялар учун энг яхши мамлакат Швеция, Афғонистон энг охирги ўринда

Фото муаллифлик ҳуқуқи SPL
Image caption "Дунё жуда тез қаримоқда. 60 ёшли инсонлар беш ёшгача бўлган болалар сонидан ошмоқда".

Бугун Халқаро қариялар куни муносабати билан Global Age Watch Index кексалар учун энг яхши мамлакатлар рўйхатини эълон қилган.

Унга кўра, 60 ёшдан ошган инсонлар учун энг қулай шароит Швецияда яратилган, деб топилган.

Қарияларга кўмак бериш халқаро ташкилоти "Хелпэйдж Интернэшнл" мамлакатлар рейтингини БМТ қошидаги аҳоли сони ва тараққиёти фонди билан ҳамкорликда тузиб чиққан.

Ҳисоботда келтирилишича, Шимолий Оврўпонинг қатор давлатлари кексалик даврини ўтказиш учун мавжуд қулайликлари билан мақтаниши мумкин экан.

Бу қулайликлар қаторига кексалар учун мўл-кўл нафақа ва имтиёзлар, қулай транспорт хизмати ва жамиятнинг бир қисми эканлигини ҳис қилиб туришни берувчи муносабат кўзда тутилган.

Швециядан сўнг Норвегия ва Олмония юқори учликка кирган. Ундан сўнг, Ҳолландия, Канада, Швецария, Янги Зеландия, АҚШ, Исландия ва Япония ўнталикни давом эттиради.

Кексалар учун энг ёмон шароитга баҳо берилганда аҳолига сонига нисбатан кекса кишиларнинг яшаш муҳити ҳисобга олинган.

Image caption Афғонистонда кексалар жуда ночор шароитларда қолишади.

Рўйхатнинг энг охирги 91-қаторини Афғонистон эгаллаган. Танзания ва Покистонда эса қариялар учун Афғонистондан яхшироқ шароит бор деб қаралибди.

Собиқ Иттифоқ республикалари ичида қарияларга яратилган муҳит билан Эстония 29-ўринни эгаллаган. Гуржистон, Латвия, Литва, Арманистон ундан кейинги қаторларда кўриш мумкин.

Тожикистон 52 ўринда, Белоруссия 60, Қирғизистон 63, Украина 66, Россия эса 78 ўринга лойиқ топилган.

Ҳисоботда айтилишича, Африка, Яқин Шарқ ва Кариб денгизи мамлакатларидан бу борада маълумот олиш мушкул бўлган. Булар қаторига Ўзбекистонни ҳам киритиш мумкин.

Ҳисоботда Ўзбекистон кексаларга яратилган шароит борасида мамлакатлар орасида нечанчи ўринига мослиги ҳақида маълумот йўқ.

Халқаро ташкилот ўзидаги маълумотларга асосланиб, дунёдаги қарияларга кўпроқ эътибор беришга чақирган.

Бутун дунёда ёши кекса кишиларни моддий таъминлаш ва уларнинг соғлиги ҳақида қайғуриш муҳим вазифалардан бўлиб қолмоқда. Бу кексаларнинг ўзлари ҳам энг кўп гапирадиган мавзулардан биридир.

Ҳукуматлар ҳам аҳолининг қариши билан тўқнаш келадиган энг жиддий муаммолардан бири шу. Дунёдаги иқтисодий инқироз кексаларнинг муаммоларини янада мураккаблаштиргани айтилади ҳисоботда.

Рейтинг дунёдаги кекса кишиларнинг 89 фоизини қамраб олган, бу 91 мамлакатдан қариийб 900 миллион инсон деганидир.

Энг тез қариётган мамлакатлар сафига Иордания, Лаос, Мўғулистон, Никарагуа ва Вьетнам кирган.

Image caption Ўзбекистонда кексаларга яратилган шароит қандайлиги рўйхатда келтирилмаган.

"Дунё жуда тез қаримоқда. 60 ёшли инсонлар беш ёшгача бўлган болалар сонидан ошмоқда, 2050 йилга келиб уларнинг сони 15 ёшгача бўлган болалар сонидан ошиши мумкин. Бироқ қариш муаммоси глобал ва миллий лойиҳалар таркибидан тушиб қолмоқда. Қарилик муаммоси кўпроқ эътибор талаб қилади. Қариликдаги қашшоқликка қарши зарур чоралар кўриш керак",- деб айтган Қарияларга кўмак бериш халқаро ташкилотнинг бошқарувчи директори Сильвия Стеванони.

Дунёда ҳар дақиқада икки киши ўзининг 60 ёшга тўлганини нишонлайди, йил давомида 60 ёшни қаршиловчилар 58 миллионга етади.

2012 йилда 810 миллион инсон 60 ёшдан катта бўлиб, Ер юзи аҳолисининг 11, 5 фоизини ташкил қилган.

Тахмин қилинишича, бу рақам 10 йилдан кам фурсатда 1 миллиардга етиб боради.

2050 йилда эса 2 миллиард, ёки бутун аҳолининг 22 фоизини ташкил қилади, деган фикрлар билдирилмоқда.