Британияда бепул мусулмон мактаби ёпиб қўйилди

Image caption Иддаоларга кўра, мактабда ўқувчи қизлар ҳижоб ўрашга мажбурланган

Британия ҳукуматининг Офстед идораси қаттиққўл мусулмон қоидалари, хусусан қизлар ва болаларни ажратувчи синфларни тадбиқ қилган мактабни ёпган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Офстеднинг танқиди шунчалар қатъий бўлганки, Дерби шаҳридаги Ал Мадина мусулмон мактабининг раҳбариятида уни ёпишдан бошқа илож қолмаган.

Мактаб ёпилишини раҳбарият "соғлиқ ва хавфсизлик" масаласига боғлиқ эканини айтиб, яқин орада қайта очилишини билдирган.

Ал Мадина ўтган йил сентябрида бепул мактаб сифатида очилганди.

Матбуотдаги қатор мақолаларда Ал Мадинанинг исми ошкор этилмаган бир неча ходимлари қизлар синфхонанинг охирги парталарида ўтиришга мажбурланганини айтганлар.

Улар қиз ўқувчилар мусулмон ё мусулмон эмаслигидан қатъий назар, ҳижоб ўрашга мажбурланганларини ҳам билдирганлар.

Ал Мадина очилганида Британиядаги илк бепул мусулмон мактаби эди.

Мактабнинг илк директори Андрю Каттс-Маккей лавозимда бир йилдан кам хизмат қилиши ортидан мактабни тарк этган.

Ўтган ҳафта мактабнинг ижрочи директори Би-би-сига ўз ходимларидан ўқувчилар устбоши борасида ҳеч қандай шикоят олмагани, ҳамда ўғил болалар ва қизларга тенг муносабат қилинаётганини айтган.

Офстед Ал Мадина ҳақида хавотирларга эга бўлган ягона ташкилот эмас.

Британияда таълимни молияловчи агентлик ҳам мактабда юз бергани даъво қилинган молиявий қонунбузарликларни тергов қилмоқда.

Таълим вазирлиги Офстед танқидидан аввал ҳам мактабни текшириб келаётган бўлганини билдирди.

Британияда бепул мактаблар давлат томонидан молияланади, бироқ маҳаллий таълим бошқармалари назоратидан ташқарида амал қилади.

Бепул мактаблар ота-оналар ва маҳаллий жамиятлар томонидан ташкил қилиниши мумкин.