Юнонистон нео-нацистлари:"Овозингни чиқарма, тириклайн ёқаман"

Никос Михало Лиакос ва Юнонистон парламенти 6 депутати аксилриқчи қўшиқчи қотиллигига алоқадорликда ҳибсга олинганлар
Image caption Никос Михало Лиакос ва Юнонистон парламенти 6 депутати аксилриқчи қўшиқчи қотиллигига алоқадорликда ҳибсга олинганлар

Дам олиш кунлари ҳибсга олинган Юнонистондаги ўнг қанот "Олтин тонг" сиёсий партияси раҳбарига жиноий гуруҳ ташкил қилиш айблови қўйилган.

Никос Михало Лиакос ва Юнонистон парламенти 6 депутати аксилирқчи қўшиқчи қотиллигига алоқадорликда ҳибсга олинганлар.

45 ёшли "Олтин тонг" партияси дастакловчиси қотиллик амалга оширишда айбланиб ҳибсга олинган.

Бу партияни охирги ойларда муҳожирлар ва сиёсий мухолифларига ҳужумларда ҳам айблашади.

Икки ҳафта олдин "Олтин Тонг" осмонларда учиб юрганди гўё. Юнонистондаги нео-нацистлар партиясининг сўровларда ошиғи олчи эди.

15 фоиз овоз олгани айтиларкан, бу ўтган йилги сайловлардагидан икки баравар кўп дегани эди.

Мамлакат ўз тарихидаги энг оғир иқтисодий инқирозни бошидан кечираётган пайтда нео-нацистларни дастакловчилар кўпайди.

Улар янги оффисларини очишди. Партия анжуманлари гавжум, парламентдаги 18 аъзоси дахл қилиб бўлмас кўринарди.

Аммо, Павлос Фиссас барчасини ўзгартириб юборди. Мусиқачи ва чап қанот фаоли бу кун кечқурунни Афина яқинидаги қовоқхонада футбол томоша қилиб ўтказади. Қовоқхонадан чиқиб кетаётганда эса, пичоқлаб кетилади. Уни ўлдирганига иқрор бўлган шахс "Олтин Тонг"нинг фаол тарафдори бўлиб чиқади.

Image caption "Олтин Тонг"га каттагина дастак ҳали ҳамон сақланиб қолмоқда

Қотиллик мамлакатда ғазаб билан кутиб олинди. Ўн минглаб одамлар кўчаларга чиқишди ва зўравон нео-нацистларнинг жиловини тортиб қўйишни талаб қилишди.

Шундан сўнг, ҳукумат ишга киришди. Нео-нацистларнинг 22 аъзоси ҳибс қилинди, улардан олти нафари парламентдагилардир. Жумладан, партия раҳбари Никос Михало Лиакос ҳам қўлга олинди. Уларга қотиллик, тажовуз ва пул ювиш каби қатор жиноятларга масъул гуруҳга алоқадорлик айблови қўйилди.

Полиция Павлос Фиссаснинг қотили "Олтин Тонг" раҳбарияти билан алоқаси борлигига оид далилларни қўлга киритганини айтади.

Парламент аъзолари қўлга олинган уйлардан Адолф Ҳитлернинг суратлари ва нацистлар байроқлари топилди.

Гувоҳлардан бири партия ичида нацистларникига ўхшаш тузилма мавжудлиги ҳақида кўрсатма берди.

Кўрсатма берганлар ҳозир полиция ҳимоясига олинган.

Биз партиянинг собиқ тарафдори билан суҳбатлашдик. У бир эркак томонидан таҳқирланганидан сўнг дастак илинжида партиянинг йиғинларидан бирига борганини айтди.

"Ичкарида мен клублар ва тўсиқларни кўрдим", - дейди у. "Партия раҳбари кириб келаркан, барча тик қотиб кутиб олди. Улар ҳамжинсбозлар ва оқ танли бўлмаганларни калтаклаш ҳақида гапиришди".

Суҳбатдошим сигаретасини тутатиб оларкан, кўз ёшларини тийишга уринади.

"Партия аъзоларидан бири менинг олдимга келди...Кимнидир уриб, қўли ва оёғини синдириш 300 евро туришини айтди. Автомобилга ўт қўйиш 1000 евро, кимнидир бир ой шифохонага ётқизиб қўйиш 1,500 евро эканини айтди. Мен буларни биронтасини ҳам истамасдим. Биз мулоқотга нуқта қўйдик. Кейинроқ у қайтиб келиб, агар бу ҳақда бирон кишига оғиз очсак, тириклайин ёқиб юборишини айтди", дейди у.

Юнонистон Ирқчилик билан боғлиқ зўравонликлар тармоғига кўра, 2012 йил мамлакатда 154та худди шундай ҳол аниқланган, жорий йил бу ҳоллар 104тага етган. Қарийб барча ҳодиса "Олтин Тонг" билан боғланмоқда.

Шундай экан, нима учун ҳукумат бунга қарши эртароқ чора кўрмади?

Бир назарияга кўра, партия полиция орасидан махфий дастакка эга бўлган. Ўтган йилги сайловлар чоғи Афинанинг айрим қисмларидан олинган рақамларга қаралса, ҳар икки полиция ходимидан бири "Олтин Тонг"га овоз берган.

Партияга қарши ҳаракатлар пайти қатор юқори мартабали зобитлар ишдан олинди, бошқалари истеъфо беришмоқда.

Биз "Олтин Тонг" тарафдорлари уч марта пичоқлаган покистонлик муҳожир билан кўришдик. Ҳодисадан бир йил ўтиб ҳам, унинг юраги яқинидаги чандиқларни кўриш мумкин. Қорнидаги жароҳат ўрни эса, ҳозиргача тузалмаган. Аммо, унинг айтишича, полиция ҳодиса юзасидан ҳеч қачон текширув бошламаган ва илк мулоқотдан сўнг бошқа бирон марта ҳам боғланмаган.

"Чунки, мен хорижийман... Агар бирон юнонни пичоқлашганда, улар дарров тажовузкорни излашга тушишарди. Ҳозир мен кўчага чиқишдан қўрқаман. Юнонистондан Англияга ўхшаган бирон хавфсизроқ жойга кетгим бор", дейди у.

Бироқ, ҳукумат ўзига тегадиган ҳар қандай айбловларни рад этади.

"Олтин Тонг" партиясининг муваққат раҳбарлари ҳам ўзларининг сиёсий ҳаракат эканлари, ҳеч қандай жиноятга алоқалари йўқлигини таъкидлайди.

Аммо, Юнонистондаги нео-нацистлар партияси бугун алғов-далғов.

Раҳбарларидан ажралган партия бошидан оёғигача муаммога ботган. Ва яқин келажакда ўзини ўнглаши қийин кўринади.

Бироқ, ҳамон иқтисодий инқироздан чарчаган юнонлар орасида уларга нисбатан каттагина дастак сақланиб қолгани бор гап.

Ҳукумат партия структурасини бузиши мумкин, лекин ғояларини бутунлай йўқ қилиши ва ашаддий тарафдорларини ўзига оғдириши ўта мушкул вазифа бўлади.