АҚШ маҳкамаси: Промоутерлик ширкати Майкл Жексоннинг ўлимида айбдор эмас

Майкл Жексон 2009 йил 50 ёшида оламдан ўтганди
Image caption Майкл Жексон 2009 йил 50 ёшида оламдан ўтганди

Марҳум поп юлдузи Майкл Жексоннинг оиласи унинг ўлими юзасидан AEG промоутерлик ширкатига қарши маҳкама ишида ютқазган.

Жексонлар оиласи ширкатни қўшиқчига нисбатан бепарволикда айблаётганди.

Ҳакамлар ҳайъати концертлар олди Майкл Жексонга қараган шифокор ўзи ишига лойиқ бўлмаган ва AEG унга нисбатан эътиборсизлик қилмаган деган хулосага келган.

Поп юлдузи 2009 йилнинг 25 июнида Лос Анжелосдаги ижарага олган уйида оламдан ўтганди. Ўшанда 50 ёшда бўлган қўшиқчи ўзининг сўнгги концертларига тайёрланаётганди.

Қўшиқчи меъёридан ортиқ дозада кучли таъсирга эга бўлган оғриқсизлантирувчи препарат - пропофолни кўтара олмаган.

Маҳкама шифокор Конрад Маррей Майкл Жексонни "билмасдан ўлдириб қўйиш"да айбдор, деб топган ва 4 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилганди.

Сўнгги маҳкама қарорини чиқаришдан олдин 6 нафар эркак ва 6 аёлдан иборат ҳайъат Маррейни ёллашда реклама ширкати масъул бўлганми йўқлигини аниқлашга қаратилган 5 та ўта муҳим саволга "ҳа" ёки "йўқ" дея жавоб қайтаришларига тўғри келган.

Суд маслаҳатчилари AEG Маррейни ёллаган, бироқ шифокор ўз ишига уқувсиз бўлган дея хулоса қилган.

Маҳкама қарори реклама ширкати томонидан хуш қаршиланган. AEG шифокор Маррей Майкл Жексоннинг талаби билан ишга олингани ва поп юлдузининг дорига тобелигидан бехабар бўлганини таъкидлаб келаётганди.

Маҳкама қарори ўқилаётган пайт Майкл Жексоннинг 83 ёшли онаси Кэтрен ҳозир бўлган ва у жуда ҳаяжонда кўринган.

Кэтрен ва поп юлдузининг 3 фарзанди промоутерлик ширкатини ишга ёллашдан олдин шифокор Конрад Маррейни рисоладагидек текшириб кўрмаганлик, Жексоннинг саломатлиги яхши эмаслигига ишора берувчи аломатларга беэътибор қараганликда айблашганди.

AEG эса, Майкл Жексоннинг дори қабул қилаётганидан фақат унинг ўзи ва Маррей бохабар бўлгани, билганларида шунга қараб иш тутишлари мумкинлигини айтган.

Жексонлар оиласи ҳуқуқшуноси Кевин Бойл қўшиқчининг яқинлари "албатта" суд ҳукмидан хурсанд эмаслиги ва келажакда бериладиган ҳар қандай қарор учун танловлар ўрганиб чиқилаётганини айтган.

Маҳкама ишида 50дан ортиқ гувоҳ кўрсатма берган. Улар орасида Кэтрен Жексон ва қўшиқчининг катта ўғли Принс ҳам бўлган.

Конрад Маррей ўзига берилган жазони икки йилини адо этгач, жорий ой охирларида қамоқдан озод қилиниши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ