Италия қирғоқларида бедарак йўқолган муҳожирлар қидирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Италиялик қутқарувчилар Сицилия яқинидаги Лампедуза оролида кема чўкишидан кейин бедарак қолаётган 200 дан ортиқ африкалик меҳнат муҳожирларини қидиришни давом эттирмоқда.

Олдинроқ камида 130 меҳнат муҳожири ҳалок бўлгани айтилган эди. Эритрей ва Сомалилик муҳожирлар Ливиядан келаётган бўлишган.

Триполидан жўнаган кема 16 кун очиқ денгизда сузгач, кемадаги оғирлик туфайли туфайли носозлик пайдо бўлган.

150 дан ортиқ йўловчи қутқариб олинган. Ҳаммаси бўлиб 500 тача йўловчи бўлган кемада.

Гувоҳларнинг айтишича, кема чўка бошлагач, кўп кишилар ўзини жон ҳолатда сувга отган. Сувга чўкиш олди кема портлаб кетган.

Ҳалок бўлганлар орасида икки ҳомиладор аёл ва уч нафар бола ҳам бор.

Кема капитани тунислик киши ҳибсга олинди, деб хабар беради Италия Ички Ишлар вазири Анджелино Альфано.

Image caption Гувоҳларнинг айтишича, кема чўка бошлагач, кўп кишилар ўзини жон ҳолатда сувга отган.

Узунлиги 66 фут бўлган кемага ҳаддан ташқари кўп одам тиқилган.

Ҳалокат юз берган пайтда ёрдамга чақириш учун мобил ёки рация бўлмаган кема бошқарувчиларида.

Одамлар кўрпани ёқиб фалокат рўй берганидан хабар беришган. Бироқ бунинг натижасида ёнғин келиб чиққач, одамлар бир томонга қочишган, кема эса ағдарилган.

"Бу жуда даҳшатли эди. Ўлаётган одамлар жон аччиғида ёрдам сўраб бақиришарди. Лекин ҳеч ким уларни қутқариб ололмади, чўкиб кетишди", деб айтган гувоҳлардан бири.

Ҳодиса Турис қирғоқларидан 70 мил узоқликда содир бўлган. У ер Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари муҳожирлари Оврўпога ҳар қандай йўл билан етиб олишга уринадиган нуқта ҳисобланади.

Лампедузаликлар ноқонуний муҳожирлар тўлқинидан норози бўлиб келишсада, ушбу фожеадан ларзага тушганларини ва муаммони ечиш йўлларини топиш кераклигини айтишган.

"Бу Италия фожеаси эмас, Оврўпо фожеаси. Лампедузага ҳам Италия чегараси эмас, Оврўпо чегараси деб қаралиши керак", деб айтган жаноб Алфано.

Италия мактабларида кема ҳалокати қурбонлари ёдланган.

Би-би-си мухбирига кўра, Ўрта Ер денгизида Африка ва Яқин Шарқдан ҳар куни меҳнат муҳожирлари билан тўла кемалар сузиб келади. Хавотирлиси улар денгизда сузишга мосланмаган кемалардир.

Ўликхоналар мурдаларга тўлиб кетганидан муҳожирлар жасади бошқа ерга жўнатилмоқда.

Папа Франциск Тwitter орқали қурбонлар учун ибодат қилганини ёзган. Июл ойида оролга борган Папа муҳожирлар тақдирига "глобал бефарқлик"ни қоралаган эди.

БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Антонио Гутерриш дунёда муҳожирлар сони ошиб бораётгани ва муаммолар ва зўравонликлардан қочиб келаётган одамлар денгизда чўкиб кетаётганидан чуқур хавотир билдирган.

Италияга денгиз орқали келаётганларнинг сони ошиб бормоқда, улар асосан суриялик, эритрей ва сомали фуқароларидир, дейилади БМТ маълумотида.

Пайшанба куни 200 муҳожир кемасидаги носозликлар туфайли Сиракузи бандаргоҳида кўчирилган.

Бошқа 13 муҳожир Сицилия оролига сузиб келолмай ҳалок бўлганди.