Хатна ўғил боланинг дахлсизлигига тажовузми?

Исроил Оврўпо Иттифоқининг Парламент Ассамблеяси - ПАСЕ қабул қилган резолюцияни кескин танқид қилиб чиқди.

Бу резолюцияга кўра, ўғил болаларни хатна қилиш "болаларнинг жисмоний дахлсизлигини бузишдир".

Бу ҳужжатда Оврўпо мамлакатлари ўғил болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирилган.

Хатнага бағишланган резолюция оврўполик парламент депутатлари овозига 2 октябр куни қўйилган.

Хатна "болаларнинг жисмоний дахлсизлиги"га дахл дея 78 депутат овоз берган.

13 Оврўпо парламенти аъзоси бундай талқинга қарши чиққанлар, 15 депутат бетараф қолишга қарор қилган.

Бу резолюцияда асосий эътибор қизлар жинсий аъзосини хатна қилишга қаратилган, бироқ ўғил болаларни хатна қилиш ва бошқа амалиётлар ҳам кўзда тутилган.

Исроил ПАСЕ қарорини ирқчилик деб қоралаган, зудлик билан бу резолюцияни бекор қилишга чақирган.

Парламент Ассамблеясининг 318 аъзосининг фақат учдан бири овоз беришда иштирок этган, шулардан 78 таси ёқлаган, дейилади Исроил расмийлари баёнотида.

Ўғил болалар жинсий аъзоси учини кесиш Яҳудо динининг "қадимий диний анъанасидир", дейилади Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

"Хатна гўё ўғил боланинг саломатлигига зарар етказади, деган фикр хато ва илмий фактларга қаршидир. 2012 йил августида АҚШ Педиатрлари Ассоциацияси ўғил чақалоқларни хатна қилиш устунликларга эга эканига бағишланган расмий ҳисобот эълон қилди", дейилади Исроил ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.

Бу мавзуда батафсилроқ