Миср: Тўқнашувларда Мурсийнинг 4 тарафдори ҳалок бўлди

Image caption Армия Мурсий тарафдорларининг Таҳрир майдонига йиғилишига йўл бермади

Мисрда ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийнинг тарафдорлари унга мухолиф намойишчилар ва хавфсизлик кучлари билан тўқнашиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган.

Тиббиёт расмийларига кўра, жума куни Қоҳира марказини титратган отишма ва портлашларда камида 40 киши жароҳат олган.

Қўшинлар Таҳрир майдонига йўл олган оломонни тўхтатиш учун кўзни ёшлантирувчи газ ва ҳақиқий ўқларни ишга солган.

Тўқнашув ортидан 2011 йилда Ҳусни Муборакни ағдарган қўзғолоннинг рамзий юраги деб кўрилган майдонни армия ўраб олинган.

Хабарларга кўра, ҳалок бўлган тўрт киши Мусулмон Биродарлари ҳаракатининг аъзолари бўлишган. Улар Қоҳиранинг икки айри мавзесида юз берган зиддиятда нобуд бўлганлар.

Пойтахтда тўқнашувлар бошланиб кетар экан, давлат телевидениеси шимолдаги Шарқия тумани ва шарқдаги Гиза тумани, ҳамда шимолий Александрия порт шаҳрида зўравонликлар юзага келганини хабар қилди.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири Куэнтин Соммервилнинг хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат кечки еттида бошланадиган коммендантлик соатидан аввал шаҳарда осойишталик ўрнатилган.

Image caption Тўқнашувларда аскарлар ва оддий фуқаролар жароҳат олдилар

Қоҳира бўйлаб аскарлар сони оширилган.

Миср армияси 13 июлда 13 ой президентлик лавозимида бўлган жаноб Мурсийни ағдариши ортидан юзага келган зўравонликларда юзлаб Исломий намойишчилар ҳалок бўлганлар.

Мусулмон Биродарларининг минглаб аъзолари ўтган икки ой ичида ҳибсга олинганлар.

Қатор нуфузли арбоблар, хусусан жаноб Мурсийнинг ўзи ва Мусулмон Биродарларининг раҳбарларидан бири Муҳаммад Бади қотиллик ва зўравонликларни илҳомлантириш айби билан ҳибсда ушлаб турилибдилар.

Миср расмийлари ўз тактикасини “терроризм”га қарши кураш дея изоҳламоқда.

Яқинда маҳкама Мусулмон Биродарлари ҳаракати фаолиятини таъқиқлаб қарор чиқариши ортидан ҳаракатнинг мол-мулки тортиб олинмоқда.