АҚШ кучлари Африкада исломийларга қарши амалиёт бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Анас Либи Марказий Хосуслик Хизмати рўйхатида 10 йил давомида энг қидирувдаги шахслардан бўлган.

Америка ҳукумати Сомали ва Ливияда исломий жангариларнинг нуфузли раҳбарлари яширинган деб билади.

Шу мақсадда Америка ҳарбий-денгиз махсус кучлари Африкада катта ҳарбий жосуслик амалларини бошлаганини маълум қилган.

Америка Давлат Котиби Жон Керрининг айтишича, АҚШ махсус қўшинларининг Ливия ва Сомалига уюштирган рейдлари Вашингтоннинг терроризм учун масъулларни тутиб жазолаш қарорида қатъий эканини намойиш этади.

Бир кун олдин Амрико Ҳарбий денгиз махсус кучлари Сомалидаги хонадонлардан бирига ҳужум қилган. Бу уйдан гўёки Кениядаги савдо марказига ҳужумни ташкил қилган "Аш Шабаб" раҳбарларидан бири фойдаланган.

Амалиётлар вақтида, 1998 йил АҚШнинг Кения ва Танзаниядаги элчилигига ҳужумга алоқадор "Ал-Қоида" қўмондонларидан бири қўлга олингани айтилмоқда.

Ўшанда 220 инсон ҳалок бўлган ҳужумга Анас Либи номи билан таниқли Назиҳ Абдул-Ҳамид Рукай раҳбарлик қилганига ишонилади. У Триполи яқинида ушланган.

Анас Либи машинасини уйи олдида тўхтатган пайт Америка хавсизлик кучлари уни ўраб олишган, машина ойнасини синдириб, қуролсизлантирилганини Либининг укаси гапириб берган Ассошиэйтед прессга.

Назиҳ Абдул-Ҳамид Рукай ҳақидаги маълумот учун 5 миллион доллар мукофот ваъда қилинган, Нью Йоркда унга сиртдан маҳкама бўлиб ўтган эди.

Унинг қўлга олиниши Ал-Қоида учун жиддий зарба ҳисобланади.

Сомалидаги махсус кучлар томонидан "Аш-Шабаб"нинг етакчи аъзоларидан бирини ушлаш ҳаракати эса натижасиз тугаган.

"Аш-Шабаб" раҳбари Кенияда 67 кишининг ўлимига сабаб бўлган охирги портлашларга алоқадор кўрилмоқда.

Бундан олдин "Аш-Шабаб" гуруҳи "оқ аскарлар" уларнинг назоратидаги Баравега ҳужум қилгани, лекин исломийлар ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлганларини хабар берганди.

Бараве аҳолиси ярим тунда қаттиқ отишма ва портлаш овозларига гувоҳ бўлган.

"Аш-Шабаб"нинг матбуот воизи Шайх Абдуасис Абу Мусабага кўра, ҳужумда Британия ва Туркия ҳарбийлари яраланган, бир киши ўлдирилган.

Британия ва Туркия ҳукуматлари эса амалиётда ўз аскарлари иштирок этмаганини билдирди.