Эронда дорга осилиб омон қолган тутқун “яна дорга осилади”

Image caption Эронда дорга осилиб омон қолган тутқун “яна дорга осилади”

Халқаро Амнести ташкилоти Эронда дорга осилиши ортидан омон қолган маҳбуснинг қайта қатл этилмаслигини сўраб чиққан.

Алиризо М номли тутқун Эрон шимоли-шарқидаги Божнорд шаҳридаги турмада ўтган ҳафта дорга осилиши ортидан ўликхонада тирик топилган.

У энди иккинчи марта дорга осилиши учун тиббий муолажа олмоқда.

“У ўлим жазосига ҳукм қилинганди, шундай экан яна ўзига келганидан кейин дорга осилади,” – деди Эрон расмийси.

Инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, шария қонунларига бўйсунувчи Эрон қотиллик, жинсий зўрлаш, жосуслик ва гиёҳванд моддаларни сотиш каби айбловлар учун ўлим жазосини қўллаш бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради.

Эрон матбуотида хабар қилинган айри бир ҳодисада Илам вилоятида қотилликда айбланган кишининг қариндошлари турмага гранаталар отиб, қатл маросимини тўхтатишга уринганлар.

Ҳодисада 30 нафарча одам жароҳат олган, лекин тутқун барибир дорга осилган.

“Даҳшатли кутиш”

37 ёшли Алиризо М 12 дақиқа дорда осиғлиқ турганидан сўнг шифокорлар томонидан ўлик дея тасдиқланган.

Аммо, унинг қариндошлари жасадни олиш учун эртасига турма ўликхонасига борганларида тутқун ҳали ҳам нафас олаётганини кўрганлар.

“Уни тирик топдик, икки қизи жуда ҳам хурсанд бўлишди,” – деб айтган унинг исми-шарифи келтирилмаган оила аъзоси.

Тутқун сўнгра касалхонага кўчирилган. Ҳозирда уни қуролли қўриқчилар қўриқлаяпти.

“Бу одам бутун даҳшатни бошидан кечирганидан кейин яна дорга осилишини кутиши ўлим жазоси нақадар шафқатсиз ва ноинсоний амал эканидан дарак беради, “ – деди Амнестининг Яқин Шарқ бўйича директори Филип Лютер.

У дордан омон қолган кишини қатл этмаслик ва Эрондаги барча қатл амалларига мораторий ўрнатилишига чақирди.

Амнестига кўра, Эронда бу йилнинг ўзида 508 одам ўлим жазосига ҳукм этилиб, қатл қилинган. Уларнинг аксари гиёҳванд моддалар савдосида айбдор топилганлар