Мисрда норозилик намойишлари яна қон тўкилиш билан тугади

  • 7 Октябр 2013

Миср расмийларига кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларида қудратдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг ташкил қилган норозилик намойишлари хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга айланиб кетган.

Оқибатда элликдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

6 октябр якшанба куни Миср 1973 йилги Исроил билан уруш санасини нишонлаган.

Шу муносабат билан муваққат ҳукумат раҳбарлари иштирокида тантанали маросимлар ташкил қилинган.

Муваққат ҳукуматнинг кўп минг сондаги дастакловчилари пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдонида тўпланганлар.

Бироқ шу йил июлида ҳарбийлар ҳокимиятдан четлатган президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари норозилик юриши уюштирганлар.

Норози намойишчилар Таҳрир майдонига ўтишга ҳаракат қилганлар.

Хавфсизлик кучлари уларни тарқатиш учун аввал кўздан ёш сиздирадиган газ қўллаганлар.

Сўнг ҳақиқий ўқлар ишга солинган.

Гувоҳларга кўра, ҳалок бўлганларнинг аксари кўкраги ва бошидан отилган.

Тўқнашувлар Мисрнинг бошқа шаҳарларида ҳам рўй берган.

Миср Соғликни сақлаш вазирлиги 7 октябр тонгида ҳалок бўлганлар сони 53 га етгани, 270 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатган.

Расмийларга кўра, душанба куни кўчалар тинчиган.

6 октябр кунидаги зўравонликлар Мисрда 14 августдан кейинги энг кўп қон тўкилган кун бўлган.

"Мусулмон биродарлар" ташкилотининг президент Мурсийнинг ўз лавозимига қайта тикланиши талаби билан ташкил қилинган норозиларнинг жамлоғини тарқатиш пайтида Миср армияси ва полицияси юзлаб инсонларни ўлдирган.

Шундан кейин Миср расмийлари "Мусулмон биродарлар" ташкилотини ноқонуний деб эълон қилди.