Крейг Мюррей: "Тазбекистон ҳақидаги сериал мен ва Ўзбекистон ҳақида"

Image caption Крейг Мюррей Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини танқид қилгани учун дипломатик фаолиятидан четлатилганига ишонади

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ мубоҳасали элчиси Крейг Мюррей Би-би-си 2 телеканали орқали намойиш этилиши режаланган ҳажвий сериал ўзининг "Самарқанддаги қотиллик" ("Murder in Samarkand") номли китобидан кўчирилганини айтмоқда.

"Элчилар" деб номланган сериалда воқеалар тўқиб чиқарилган Марказий Осиёдаги "Тазбекистон" номли мамлакатда юз беради. Унда машҳур британ ҳажвчилари Дейвид Митчелл Британия элчиси, Роберт Веб эса унинг муовини ролида пайдо бўладилар.

Тазбекистонни гўёки диктатор ҳукмдор - Президент Қайрат бошқаради, унинг қўли остида ўта абгор инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари юз беради.

Айни дамда Тазбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини тергов қилаётган британ фаоли сохта айбловлар билан ҳибсга олинади. Британ ҳукумати номидан Тазбек диктатори билан 2 миллиард фунтга тикучарлар савдоси бўйича келишувга эришишни режалаган элчининг қаршисида дилемма юзага келади.

Элчи инсон ҳуқуқлари омилларини қўллаб-қувватласинми ёки тикучар савдосини амалга ошириб, Британ ташқи ишлар вазирлигини мамнун қилсинми?

"Собиқ совет республикаси бўлмиш Тазбекистон - бироз ўзбек, бироз қозоқ, ва бироз туркман," - дейди сериал муаллифларидан бири Жеймс Вуд. Бироқ у сериалдаги воқеалар Крейг Мюррей ҳаётидан кўчирилганини рад қилади.

Image caption Нодира Мюррей Британияда театр ва фильмларда роллар ижро этиб келмоқда

Ўзбек ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига муносабати, хусусан тутқунларни "тириклайин қайнатиши"ни қаттиқ танқид қилган жаноб Мюррей 2004 йилда секс эвазига виза сотиш ва ичкиликбозликда айбланиб дипломатик фаолиятидан ҳайдалганди. У элчилик вазифасини ўтаётган даврида Тошкентдаги тунги клубда танишган раққоса Нодира Алиевага уйланган ва бир фарзандли бўлган.

Унинг айтишича, Британия ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон диктатори билан жирканч иттифоқини ҳажвияга айлантирмоқчи бўлаяпти. Жаноб Мюррей янги сериалнинг ўз "Самарқанддаги қотиллик" китобига асосланиб ёзилганига далил-исбот жуда кўп эканига ишонади.

Индепендент газетасига гапирган жаноб Мюррей сериалнинг продьюсерлари бўлмиш Big Talk ширкати тўрт йил аввал унга боғланиб, "Самарқанддаги қотиллик" китоби асосида фильм олишга уринганларини айтган.

"Энди эса бу ширкатнинг "Элчилар" сериали мен ва менинг китобимга асосланмаганига мен ишонмайман", - дейди у.

Ўз блогида жаноб Мюррей сериал продьюсерларини маҳкамага тортиш унга ўн минглаб фунтга тушиши мумкинлиги ва унда бунча пул йўқлигини ёзган.

Бу мавзуда батафсилроқ