Озарбайжон: Илҳом Алиев учинчи муддатга сайланиши кутилмоқда

Image caption Президентлик сайловида Илҳом Алиев ғалабасига ҳеч ким шубҳа қилмайди

Нефтга бой Озарбайжонда президентлик сайлови бошланган.

Унда жорий президент Илҳом Алиевнинг учинчи бор ғалаба қилиши кутилмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, Илҳом Алиев ўз ғалабасига шунчалар ишонадики, у ҳатто президентлик сайлов олди кампаниясини ҳам ўтказмаган.

Мухолифат фаоллари бир неча бор овоз бераётган сайловчилар суратлари ва виедоларини тарқатганлар.

Президентлик курсиси жаноб Алиевга отаси Ҳайдар Алиевдан қолган.

У умумхалқ референдуми орқали мамлакат конституциясини ўзгартириб, президентлик муддатини узайтирган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларга кўра, президентлик сайлови арафасида ҳукумат ўз танқидчиларини аёвсиз таъқиб этишга тушган.

Бироқ аҳолиси 9 миллион бўлган Озарбайжонда сиёсий мухолифат мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши туфайли ҳам кучсизланган.

Охирги йилларда нефт экспорти эвазига Озарбайжон ялпи ички маҳсулоти уч бараварга кўпайди.

Тафовутсизлик ва қўрқув

Турли партиялар иттифоқидан намояндалик этувчи мухолифатнинг асосий номзоди 61 ёшли тарих профессори Жамил Ҳасанлидир.

Ундан ташқари президентлик курсиси учун яна беш парламент вакили ҳамда унчалик танилмаган икки нафар мухолифат номзоди кураш олиб боришмоқда.

Танқидчилар сўзларига кўра, улардан баъзилари мухолифат тарафдорлари сонини озайтириш учунгина ўз номзодини илгари сурган.

Би-би-си мухбири Райҳон Демитрийнинг айтишича, уларнинг ҳеч бири мутлақ қудратдан баҳра олаётган президентга жиддий рақиб бўла олишмайди.

2003 йилда президентлик курсисини отасидан меърос олган Илҳом Алиев 2009 йилда умумхалиқ референдуми ўтказиб, икки давралик президентлик муддатини бекор қилганди.

Халқаро кузатувчилар сайлов олди курашлари сайловчилар тафовутсизлиги ва қўрқуви фазосида ўтган.

Яқинда чиқарилган Human Rights Watch ҳисоботида таъкидланишича, ўтган йил давомида ҳукумат фуқаролик жамияти устидан назоратни кучайтирган ва ўзгача фикрни бўғишга қаратилган қатор қонунларни қабул қилган. Рухсат этилмаган намойиш учун 10,000 доллар жариманинг белгиланиши ана шулар жумласидандир.

Шунингдек, ўнлаб сиёсий фаоллар ҳибсга олинган ва озодликдан маҳрум этилган.

Озарбайжон Оврўпо бозорига нефт етказиб берувчи саноқли мамлакатлардан биридир.

Ўтган ўн йил давомида Озарбайжонда яшаш даражаси бир неча бор яхшилангани айтилади.

Бироқ танқидчилар мамлакатда коррупция эндемик даражага етгани ҳамда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут тобора кучайиб бораётганини айтишади.