HRW: "Сурия исёнчилари тинч фуқароларни қатл этган"

  • 11 Октябр 2013
  • изоҳлар
Image caption Ҳисоботда исёнчи гуруҳлар таркибида кўплаб хорижий ёлланма жангчилар борлиги келтирилган.

Хюман Райтс Вотч халқаро инсон ҳақлари ташкилотига кўра, Суриядаги исёнчи гуруҳлар август ойидаги амалиётларида 190 га яқин тинч фуқарони ўлдирган, 200 тасини гаровга олган.

Август ойида Латакия қақшатқич жанглар саҳнасига айланганди.

Халқаро ташкилот ҳисоботида келтирилишича, шафқатсиз жиноятлар Латакиянинг алавитлар яшайдиган қишлоқларида содир этилган.

Ва улар миқёси жиҳатидан шубҳасиз "инсониятга қарши жиноятлардир" дейилади ҳисоботда.

Сурия мухолиф кучлари кўп сонли гуруҳлардан ташкил топган бўлиб, уларнинг бир қанчаси Ал-Қоида билан алоқадор кўрилади.

Хюман Райтс Вотч вакиллари текширувлар давомида 35 одам билан, жумладан иккала томондан ҳам жангда тирик қолган кишилар билан суҳбатлашган.

Ҳисоботда айтилишича, жангариларнинг алавитлар яшайдиган қишлоққа ҳужуми олдиндан режалаштирилган бўлган.

Аксарияти сунний мусулмонлардан ташкил топган Сурия мухолифати кучлари президент Башар ал-Ассад мансуб алавитларни ўзига душман деб билади.

4 августда жангарилар Латакиядаги маҳаллий ҳокимият биноси ва алавитларнинг 10 қишлоғини эгаллаб олишганди.

105 саҳифадан иборат ҳисоботда таъкидланишича, ҳарбий амалиётнинг биринчи куниданоқ тинч фуқаролар қийнаб ўлдирилган.

Уларнинг орасида 57аёл ва 18 бола ва 14 та қария борлиги айтилади.

Гувоҳларга кўра, баъзи оиланинг барча аъзолари қириб ташланган.

190 жасаддан 67 тасининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинган.

Ҳисоботга кўра, 20 га яқин исёнчи гуруҳлар томонидан содир этилган қотилликларнинг салмоғи инсониятга қарши жиноят содир этилган деган хулосага олиб келади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти шунингдек, гуруҳлар таркибидаги хорижий ёлланма жангчилар Қувайт ва Форс кўрфази мамлакатлари томонидан молиявий дастакланганини билдиради.

Шундан келиб чиқиб, HRW БМТни исёнчи гуруҳларга нисбатан қурол-яроғ эмбаргоси қўйишга чақирган.

Инсон ҳақлари ташкилоти 31 ойдан буён мамлакатда давом этаётган можароларда ҳалок бўлган тинч фуқаролар ўлимида Сурия ҳукуматини ҳам айблаган.