Президент Обама Малала Юсуфзай билан учрашди

Image caption АҚШ ҳукумати Малала Юсуфзайнинг қиз болаларнинг мактабда таҳсил олиш йўлидаги қатъиятини рағбатлантиришга қарор қилган.

АҚШ Президенти Барак Обама рафиқаси Мишел Обама ҳамда 15 ёшли қизи Малия билан бирга Оқ Уйда покистонлик 16 яшар инсон ҳуқуқлари фаоли Малала Юсуфзай билан учрашди.

Президент Обама ёш фаолнинг қизларнинг таълим олиши йўлида "руҳлантирувчи ва ихлос билан амалга ошираётган ишлари" учун миннатдорлик билдирган.

Оқ Уй тарқатган баёнотга кўра, Америка президенти томонидан қабул қилиш билан АҚШ ҳукумати Малала Юсуфзайнинг қиз болаларнинг мактабда таҳсил олиш йўлидаги қатъиятини рағбатлантиришга қарор қилган.

"Биринчи Леди таъкидлаганидек, "Қизларнинг таълимига сармоя йўналтириш" нафақат ўзимизнинг қизларимиз ва набираларимиз, балки барча оилалар, уларнинг жамоатлари ва мамлакатлари учун биз қилишимиз мумкин бўлган энг яхши нарсадир", дейилади Оқ Уй баёнотида.

10 октябр куни Оврўпо парламенти Малала Юсуфзайни инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлидаги фаолият учун тақдирланадиган Андрей Сахаров номидаги мукофот билан мукофотлади.

Малала Юсуфзайнинг номзоди 2013 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофотига илгари сурилган, 11 октябр куни мукофот қўмитаси Суриядаги кимёвий қуролларни йўқ қилиш билан машғул Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотини бу мукофотга сазовор топди.

Бир неча кун олдин эса Лондонда Малаланинг таржимаи ҳолига бағишланган китоб тақдимоти бўлди.

Покистон шимоли-ғарбидаги Сват водийсидан бўлган қизалоқ Би-би-сининг Урду хизматидаги блоги туфайли машҳур бўлди.

2009 йилда Толибон жангарилари Сват водийси устидан назоратни қўлга олдилар ва қизларнинг мактабга боришларини тақиқладилар.

Малала Би-би-сидаги аноним блогда қиз болаларнинг таълим олишларига имконият берилмаётгани, Толибон назорати остидаги ҳаёт ҳақида ёза бошлади.

Покистон армияси водийдан Толибонни сиқиб чиқарганидан кейин Малала ўзининг ҳақиқий исми-шарифини ошкор этди.

Сватда қизлар яна мактабга қатнай бошладилар.

2012 йил 9 октябр куни дарсдан уйга қайтаётган пайтлари Малала ва бошқа синфдошлари ўтирган мактаб автобусини қуроллилар тўхтатишади.

Жангарилардан бири Малала ким эканини сўрайди ва унга қарата ўқ отади.

Ўқ Малаланинг бошидан ва бўйнидан ўтиб, елкасидан чиқиб кетади.

Автобусдаги яна икки ўқувчи қиз ҳам яраланган.

Оғир аҳволда Малала Пешовар шаҳридаги шифохонага етқазилади.

Кейин уни Британияга олиб келишди ва бу ерда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Покистондаги 50 нуфузли уламо Малалани ўлдирмоқчи бўлганларни қоралаб фатво эълон қилдилар.

Бироқ Малаланинг китоби нашр қилинган куни Покистон Толибони вакилларидан бири ҳали ҳам уни ўлдириш ниятида эканларини маҳаллий рўзномалардан бирига айтган.

Ҳозирги пайтда Малала Британиянинг Бирмингем шаҳрида ўқимоқда.