Малайзия: 'мусулмон бўлмаганлар Оллоҳ калимасини қўлламасин'

Image caption Малайзия ҳукуматига кўра, насронийларнинг Оллоҳ сўзини қўллаётганлари мусулмон инсонни насронийликка ўтказишда фойдаланиши мумкин.

Малайзия маҳкамаси мусулмонлардан бошқаларнинг "Оллоҳ" калимасини ишлатишларини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган.

Бу билан маҳкама Малайзия ҳукуматининг тўрт йил олдинги тақиқини қўллаб-қувватлаган.

2009 йилда Малайзия ҳукумати бу мамлакатдаги Насроний, Буддойи, Ҳинду ва бошқа динга эътиқод қилган инсонлар Худони тилга олаётганда Оллоҳ сўзини ишлатмасинлар деган қарор чиқарган.

Бироқ маҳкама ҳукуматнинг ушбу қарорини бекор қилган эди.

Эндиги аппеляция маҳкамаси қарорига кўра, номусулмонларнинг Оллоҳ калимасини қўллашлари "жамоа орасида англашилмовчиликни келтириб чиқаради".

Оллоҳ калимасини мусулмонлар ва номусулмонлар қўллаши атрофида келиб чиққан баҳслар Малайзияда 2009 йили динлараро тарангликка етаклаган, черков ва масжидларга қатор ҳужумлар уюштирилган эди.

Бу гал эса Рим Католик черкови нашри ҳисобланган "Хералд" рўзномаси устидан маҳкамага шикоят қилинди.

Малай тилида нашр қилинадиган рўзнома Худони Оллоҳ деб ёзган.

Маҳкама қарорига кўра, насроний рўзноманинг Оллоҳ калимасини қўллаши мусулмонларнинг насроний динига ўтиб кетишига сабабчи бўлиши мумкин.

Уч ҳакамдан иборат ҳакамлар ҳайъати раҳбари Муҳаммад Афанди Алининг сўзларига кўра, "Насронийлик дини ва ибодатида Оллоҳ калимасидан фойдаланилмайди, бироқ рўзнома Оллоҳ сўзини ишлатиб келган.

Рим Католик черкови ва рўзнома таҳририяти мусулмонларни бошқа динга ўтказишни мақсад қилмаганларини айтганлар, маҳкаманинг сўнгги қароридан ҳафсалалари пир бўлганини маълум қилганлар.

Рўзнома дастакловчиларининг айтишларича, Малайзия федерал давлати ташкил топган 1963 йилдан буён Малай тилида нашр қилинган Инжил китобларида ҳам Оллоҳ калимасидан фойдаланиб келинган.

"Оллоҳ Ўрта Шарқ ва Индонезияда ҳам, насронийлар ва мусулмонлар томонидан ҳам тилга олинадиган калима. Сиз тўсатдан бу сўз диннинг ички муомаласида қўлланилмайди, деб айтолмайсиз. Малай тили бошқа тиллардан кўплаб сўзларни ўзлаштирган тил, Оллоҳ ҳам Малай тилига Араб тилидан кириб келган", деб айтган Хералд рўзномаси тарафдори.

Бироқ айрим мусулмонларнинг айтишича, насронийларнинг Оллоҳ сўзини қўллаётганлари мусулмонни насронийликка ўтказишда фойдаланиши мумкин.

"Оллоҳ" Малай тилидаги сўз эмас. Агар улар(номусулмонлар) Малай тилида Худони атамоқчи бўлсалар, Оллоҳнинг ўрнига Тухан сўзини ишлатсинлар", деб айтган маҳкамада Малайзия ҳукумати манфаатларини ҳимоя қилган юрист Зайнул Рижал Абу Бакр.