Cуриялик уламолар муҳосирада қолган мусулмонларга ҳаром гўштни ейишга рухсат бердилар

Image caption Дамашқ атрофидаги ҳудудлар исёнчилар назоратига ўтган

Сурияда мусулмон уламолар гуруҳи Дамашқдан жанубда жойлашган минтақаларда муҳосирада қолган инсонларга очликдан омон қолиш учун мушук, ит ва эшакларни ейишга изн берувчи фатво чиқарган.

Интернет орқали ёйинланган видеода дин пешволари дунё аҳлини Сурия пойтахтидан жанубда яшаётган инсонларга ёрдам беришга чақирганлар.

Дамашқ жанубида яшовчи аҳоли ҳукумат ва исёнчилар ўртасида кечаётган қақшатқич жанглардан азият чекмоқда.

Уламолар вазият ёмонлашишда давом этса, аҳоли ўликларни ейишга мажбур бўлишлари ҳақида огоҳлантирганлар.

Аксари исёнчилар назоратига ўтган Дамашқ жанубидаги минтақалар ҳар куни ҳукумат кучлари томонидан бомбардимон қилинмоқда.

Минтақа аҳолисига озиқ-овқат ва кийим-кечак етказиб бериш ниҳоятда қийинлашган.

Ийд ал-Адҳа байрами арафасида минтақа олимлари маҳаллий аҳолига Исломда "ҳаром" дея кўрилган ҳайвонлар гўштини истеъмол қилишга рухсат берганлар.

Сурия можаросида бундай фатво илк бор чиқарилаётгани йўқ.

Ўхшаш диний ҳукмлар Ҳумс ва Ҳалаб шаҳарларида оғир жанглар кечаётган пайтларда ҳам кучга кирганди.

Ёрдам ташкилотлари уруш кечаётган минтақаларга ёрдам етказиш улар зиммасидаги асосий вазифа эканини айтишади.

"Чегара билмас шифокорлар" ташкилотининг бошлиғи Кристофер Стокс кимёвий қуроллар нозирларига минтақага сафар қилиш изни берилган бир пайтда озиқ-овқатларни ўтказишга изн берилмаётгани "беъманилик", дея баҳолаганa.