Навальныйнинг қамоқ жазоси бекор қилинди, айби кучда қолди

Image caption Навальный сиёсий фаолиятини давом эттиришини айтди

Россияда апелляцион маҳкама мухолифат раҳбари Алексей Навальныйни катта миқдорда пул ўғирлашда айбдор деб топган аввалги маҳкама қарорини кучда қолдирган, бироқ унинг қамоқ жазосини шартли жазога ўзгартирган.

Навальный маҳкама залидан озод қилинган.

Бироқ, унинг айбдор деб топилиши келгуси президентлик сайловларига ўз номзодлигини қўйишига тўсиқ бўлиши мумкин.

Навальный июлда беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиб, апелляциясигача озодликка чиқарилганди.

У Киров вилояти губернаторига маслаҳатчи бўлиб ишлаган даврида пулларни ўзлаштирганини рад этади.

Россия қонунчилигига кўра, жиноий айбдор деб топилган фуқаро давлат идорасига сайлана олмайди. Навальный бир неча бор 2018 йилги президентлик сайловларида иштирок этиш нияти борлигини билдирган.

Навальный ҳукуматни уни сиёсий қарашлари учун айбдор деб топганликда айблади, ва сиёсий фаолиятини давом эттиришини айтди. У, шунингдек, маҳкама қарори устидан шикоят қилишини билдирди.

Апелляция маҳкама ишигача озодликда бўлган Навальный Москва ҳокими сайловларида ўз номзодлигини илгари сурган ва 27 фоиз овоз йиғишга муваффақ бўлган.

Москвадаги Би-би-си муҳбири Стив Розенбергга кўра, ҳукумат қамоқ жазоси Навальный сиёсий шаҳидга айлантиради ва тарафдорлари сонини оширади деган ҳавотирда бўлган бўлиши мумкин.

Москва ҳокимлиги сайловолди кампаниясида Алексей Навальный оддий аҳолининг ҳавотирларига қулоқ сола оладиган, ва айниқса меҳнат муҳожирларидан Россияни тозалайдиган сиёсатчи сифатида ўзини намоён қилди.

У ўз чиқишларидан бирида айтишича, тожик эркакларининг 40 фоизи Москвада, 50 фоиз оғир жиноятларни муҳожирлар содир этаяпти, рус аёллари эса уйларидан чиқишга қўрқадилар.

Бу мавзуда батафсилроқ