Россия: Москвада тақирбош миллатчилар яна ҳужум уюштирдилар

Image caption Россия полицияси ҳозирча миллатчилардан кўра, муҳожирларни кўпроқ ҳибсга олаяпти

Твиттердан фойдаланувчилар Москванинг Жануби-Ғарбий мавзесида миллатчиларнинг босқинчилик ҳаракатлари бошланаётгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Каспаров.ру сайти ва Твиттердаги қатор фойдаланувчилар жума куни кечқурун кўп сонли миллатчилар Бирюлеводаги ҳужумга ўхшаш тартибсизликни бошлаш учун йиғилганидан ҳавотир билдирганлар.

Бир ҳафта аввал Москванинг Бирюлево мавзесида 25 ёшли москвалик Егор Щербаковнинг ўлдириб кетилиши ва унда озарбайжонлик Ўрхан Зейналовнинг айбланиши ортидан юзлаб озарий, ўзбек, тожик ва қирғизлар ишлайдиган йирик озиқ-овқат омборхонасига ҳужум қилинганди.

"14 ёшли қўшним югуриб келиб, "Ленинскийда қандайдир скинлар (тақирбошлар) йиғилиб муштлашув бўлишини қизғин муҳокама қилаётганларини кўрдим, ҳозир метродан чиқаётганимда, 20 тақирбош бор эди, улар менинг олдимга келиб, болакай, уйда ўтир, ҳозир бу ерда шунақаси бўлади, деб айтишди," деди. Қизим эса кучугини сайр қилдиргани чиқди, қўшним билан бирга, телефон қилиб туришибди," - деб ёзади Наталья Ким Фейсбукда.

"Отлиқ полициянинг отряди ва 70 нафарча ёш йигитлар орқа кўчалардан кетишаяпти. Эҳтиёт бўлинглар, ва бошқаларга ҳам айтинглар," - дея қўшимча қилган Наталья Ким.

У, шунингдек, Автозаводский мавзесидаги ҳиёбонда қизил бўёқлар билан "Ҳачлар(қофқозликлар)га ўлим, Москвани тозалаймиз" деган ёзувлар пайдо бўлганини хабар қилди. "Олдин ҳеч бунақасини кўрмаганман," - дейди у.

"Университетский кўчасидаги DNS дўкони қаршисида, кафенинг ёнида ёш йигитларнинг тўдаси йиғилган, полиция келган, ҳибсга олишлар юз бераяпти," - дея хабарни тасдиқлаган Алексей Лукьянов

Бошқа гувоҳ эса осиёлик кўринишга эга тасодифий йўловчига тақирбошлар ҳужум қилишганини ёзди.

"10-15 одам метро вагонига югуриб киришди, икки вагон орасида ўзларига қурбонни топишди, 25 ёшлардаги осиёлик болани ҳеч қандай сабабсиз уриб, башарасини синдиришди," - Сергей Полозов

Полиция Жануби-Ғарбий мавзесида бир қатор миллатчиларни ҳибсга олган. Қурбонлар ҳақида хабар тарқатилмаган.