Россия: Фуқаролик неча пул туради?

Image caption Сўнгги пайтлари Россия мулозимлари ноқонуний муҳожирлар "овини" кучайтиришган

Россиянинг айрим минтақаларида паспорт олиш 3 минг АҚШ доллари туради. Ишлаш рухсатномасини эса 500 долларга сотиб олиш мумкин.

Бу ҳақида айтаётган Москвадаги Муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига кўра, худди ана шундай қонунбузарликлар боис ҳам ноқонуний муҳожирлар сони ошмоқда.

Яъни пул ишлаш келган муҳожирларнинг аксариси ўз мавқеини қонунийлаштириш учун бунча маблағни топиши амримаҳол. Натижа эса аниқ - кўпчилик ноқонуний ишлашни афзал билади.

"Ҳозир рухсатнома учун нафақат пул тўлайсан, балки рус тилидан имтиҳон ҳам топширасан ва бармоқ изларингни ҳам берасан" - дейди Россияда ишлаётган ўзбек муҳожири Би-би-си билан суҳбатда - "Рухсатнома ҳозир минг доллар бўлган ва яна югур-югури кўп".

Рухсатнома оладиган идоралар ҳар доим тирбанд, одамлар баъзан кун бўйи панжаралар ортида кутишларини айтишади. Муҳожирларга кўра, бу орада ҳатто ҳожатхонага чиқиб келиш имкони ҳам йўқ.

"Шунча оворагарчилик билан ҳужжат оласан ҳам, лекин ишга киргунча бизга славян қиёфали одам керак деб айтишади" - куюнади ўзбекистонлик муҳожир - "Шундай экан, нима қиламан асаб, пул ва вақт сарфлаб, яхшиси ноқонуний ишлаб юравераман".

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг айтишича, Россиядаги мавжуд қоғозбозлик ва мураккаб жараёнлар ҳам муҳожирлар учун қонуний яшаш ҳамда ишлаш имкониятини йўққа чиқармоқда.

Ҳуқуқбонларга кўра, қонуний яшаш ва ишлаш рухсатномасини олиш жараёни соддалаштирилса, ноқонуний фаолиятга ҳам ўз-ўзидан чек қўйилади.

Қонунан, Россияда беш йил яшаган киши фуқаролик олиши мумкин. Аммо аксарият ўзбеклар учун фуқаролик олиш эмас, балки вақтинчалик қонуний ишлаш муҳим аҳамиятга эга.

Чунки кўпчилик Россия фуқаролигини олиб, у ерда яшаб қолишни эмас, балки бироз пул ишлаб Ўзбекистонга қайтишни истайди.

Россиядаги мавжуд ҳолат эса айнан ана шундай пулга эҳтиёжманд табақага оғир ботмоқда. Пулдорлар учун эса, афтидан, яшаш рухсатномаси ва кейинчалик фуқаролик олиш ҳам муаммо эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ